Ривоят
Muallif: . .
Sana: 01.04.2021
547

Бир вақтлар тижорат билан шуғулланадиган бир киши бўлган эди. У одамлар орасида ўзига яраша обрў-эътиборли бўлиб, фаровонликда ҳаёт кечирар эди. У кунларнинг бирида уй юмушлари учун хизматкор ёллаш мақсадида бозорга тушди. Бозор айланиб юраркан, хаёлида бирор ёш, бақувват хизматкорни учратсам, уни сотиб олардим, дер эди. Бирдан нигоҳи хаёлида ўйлаганидек навқирон, алпқомат йигитга тушди. Унинг олдига борди. Яна бир қатор назар ташлаб унга харидор бўлди. Сотувчидан унинг нархини сўради. Сотувчи эса арзимаган баҳони айтди. Тожир ҳайрон бўлиб, нима учун, унинг нархи бунчалик арзонлиги ҳақида сўради. Сабабини айтар экан, унинг нархини туширадиган жиддий айби бор эканини айтди сотувчи. Тожир у қандай айблигини билишга қизиқди. Қул соҳиби уни чақимчи, бироз фитначи эканлигини айтди. Харидор бу айбга эътибор ҳам қаратмай, уни сотиб олишга қарор қилди. Ичида чақимчиликни ишга алоқаси йўқ, хизмат қилса бўлди, менга бошқа нарса керак эмас деб ўйлади. У мана шу вақт пулга катта бало сотиб олаётганини билмасди. Баҳолашмай, айтилган нархга уни сотиб олди. Тожир хизматкорни уйига олиб келди. Бир неча вазифаларни айтиб, уни дарҳол ишга киришишга буюрди. Қулни кўрган тожирнинг завжаси ўзида йўқ жуда хурсанд бўлди. Қандай ҳам ажойиб ҳадя. Аёлга ҳам энди енгиллик бўладиган бўлди. Чунки хизматкор уй ишларини бажариб, унинг оғирини енгил қилар эди. Кунлар кетидан кунлар ўта бошлади. Қул ҳам кенгчиликда яшай бошлади. “Эгрини гўр ўнглайди”, деганларидек, уни эски одатлари тута бошлади. Кунларнинг бирида у ўз хожасининг аёли олдига бориб, уни аврай бошлади. Унга қараб, хожаси аёлни ёқтирмай қолгани, кўнгли бошқада эканилини бўрттириб сўзлаб берди. Соддадил аёл бу фитначини тузоғига осонгина илинди. Қулнинг хожа ҳақида айтган гаплари унинг қалбида аланга ёқди. Аёл завжи ҳақида айтилаётган гапларга ишонмади. Қул эса ўз сўзларини тасдиқлаш учун қасамлар ичди. Ноқулай ҳолатга тушиб қолган ожиза нима қиларини билмай ҳайрон бўлиб қолди. Наҳотки, меҳр қўйган инсони бу қадар разилликка қўли борса. Бу қандай содир бўлди? Пайтдан унумлик фойдаланиб қолиш мақсадида қул гап болаб, бунинг бир чораси борлигини айтди. Агар аёл хоҳласа эрини унга бутун умр муҳаббатлик қилиб, боғлаб қўядиган бир йўлни ўргатиши айтди. Аёл розилик билдирди. Нима бўлса ҳам эри билан аввалгидек фаровон яшасам бўлди, деб ўйлади. Қул бу иш учун унга хожасини уч-тўрт дона соқоли кераклигини айтди. Аёл ишни мушкул эканини айтиб, бундан бошқа йўл излаш лозимлигини изҳор қилди. Фитнагар эса унга бу ишни осон йўли борлигини тушунтирди. Аёлга эри тунда ухлаб ётганида бу ишни хамирдан қил суғургандек осон бажариши имконияти борлигини уқтирди.

Маккор, фитначи қул хожасининг олдига бориб, уни ҳам ўз фитнаси домига тортиш мақсадида ёлғондан тузоқ қўйди. Хожасидан миннатдор эканини изҳор этиб, унинг эвазига ҳеч нарса қилмаганини айтди. Бироз сукут қилгач, хожасига муҳим бир гапи борлиги аммо уни айтишга ботина олмаётганини гапирди. Қул соҳибини ўша муҳим гап қизиқтирди. Гап унинг аёли ҳақида эканлигини баён қилди. Хожа ундан аёлига нима қилганини тезроқ айтишини сўради. Қул аёлни қандай фитнага гирифдор қилган бўлса, унинг завжини ҳам шундай ҳила-макр билан аврамоқчи бўлди. Аёли ундан қутилиш пайида бўлиб, унинг кўнгли бошқада эканини айтди. Гапига ишонмаса бир синаб кўришни маслаҳат берди. Бугун хожа ўзини ухлаганга солиб олса, ҳақиқатни кўзларингиз билан кўришини айтди. Қул гапини тасдиқлаш учун қасам ичди. Ўша куни тунда ҳожа ўзини ухлаганга солиб ётаркан, ҳаёлида наҳотки, неча йиллардан бери бир ёстиққа бош қўйган инсоним-завжаи ҳалолим менга ҳиёнат қилса деган турли гумонлар ўтар эди. Бирдан аёли қўлида пичоқ билан у томон яқинлашаётганини кўрди. “Ҳақиқат”ни ўз кўзлари билан кўрган хожа ғазаби келиб, аёл қўлидаги пичоқни олиб, уни ўлдирди. Бунга зимдан гувоҳ бўлиб турган қул аёлнинг қариндошлари ҳузурига борди ва уларга аёлни эри аввалига ҳақорат қилиб, ғазабини боса олмай жонига қасд қилгани айтди. Аёлнинг қариндошларидан мен ҳам ундан аранг қутилдим, синглингизни қасосини олинглар ва менга ҳам ёрдам беринглар деди. Бўлмаса, у мени ҳам ўлдиради. Марҳуманинг қариндошлари келиб, эрини ўлдиришди. Бу ҳолдан хабар топган эр томон қариндошлари укасининг қасосини олиш мақсадида аёлнинг ҳамма қариндошларнини ўлдирдилар. Шу алфозда адоват кучайиб, икки қишлоқ ўртасида уруш қўзғалди. Жуда кўп бегуноҳ инсонларни қони тўкилди.

Ибрат ва хулоса:

Юқоридаги фожеали ривоятда ФИТНА нақадар улкан, аянчли оқибатларни келтириб чиқариши намоён бўлди. Демак бир иш қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб, кейин хулоса чиқариш лозим. Чунки оқибатини ўйламай қилинган иш натижасида фитналар қўзғалиб, парокандалик юзага келади. Ҳикоямиз қаҳрамонининг хизматкор олаётган пайтда унинг фитначи эканига беэътиборлиги, ва уни енгил санагани қанчадан-қанча салбий оқибатларга олиб келди.

Фитна қасддан бўладими, беихтиёр бўладими, катта ёки кичик бўладими барибир одамлар орасини бузувчи фитналигича қолаверади.

Аллоҳ таъолонинг: “Фитна қотилликдан шиддатлидир” деган ояти юқорида келган ривоятда янада ёрқин ифодасини топади.


Мир Араб олий мадрасаси талабаси Мадаминзода Абдулатиф Бахтиёржон ӯғли таёрлади

. .