Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ойлари
Muallif: . .
Sana: 30.03.2021
589

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ўн икки ой ичидан Ражаб ойини Ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун у «Аллоҳнинг ойи» дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига келтирса, Аллоҳ таоло уни жаннати наъиймга киритиб, яна Ўз розилигини ато этади. Шаъбон ойи «Расулуллоҳ ойи» ҳам дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини бажо келтирса, Қиёмат куни унга жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман. Рамазон ойи эса умматларим ойидир. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига қўйса, гуноҳлардан ўзини тийса, кундузлари рўзадор, кечалари бедор, бировларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Дунё мамлакатлари турли тақвимларда йил, ой, кун ҳисобини юритади. Шуларнинг ичида энг кенг тарқалгани – милодий деб аталадиган Григориан тақвими. Бундан ташқари Хитой тақвими, КХДР тақвими, Исроилнинг ҳам бир неча минг йиллик тақвими ва ҳакозолар ҳам мавжуд. Ислом мамлакатларида ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий (милодий тақвим муқобили) тақвимлар мавжуд.

Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли ҳижрий-қамарий йил 354–355 кун бўлиб, милодий йилдан 10–11 кун кам бўлади.

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг биринчи куни Муҳаррам ойининг биринчи кунидан бошланади. Ҳижрий-қамарий йил бўйича ойлар тартиби қуйидагича: Муҳаррам, Сафар, Рабиъул аввал, Рабиъул охир, Жумодул аввал, Жумодул охир, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа.

Ушбу ўн икки ойнинг ичидаги Ражаб ойи «Аллоҳнинг ойи», Шаъбон ойи «Расулуллоҳ ойи», Рамазон ойи эса «Уммат ойи» ҳам деб аталади.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ойлари бўлмиш Шаъбон ойини улуғлаб, унинг ҳурматини бажо келтирса, Қиёмат куни унга жаннатдан энг муносиб жойни айнан У зотнинг ўзлари тайёрлаб турар эканлар.

Шундай экан, биз умматлар бу ойни улуғласак, ҳурматини жойига қўйсак, фазилатли тунини ибодат билан ўтказсак, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари остида жаннатга кирамиз.

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ

. .