
Бугун, 29 июль кунидан Саудия Арабистонида Ҳаж мавсуми бошланди. Ҳар йили 2 миллиондан ортиқ мусулмон адо этиб келган фарз ибодатларда бу йил пандемия сабабли 10 минг нафар зиёратчи қатнашишига рухсат берилган.
Беш кун давомида адо этиладиган Ҳаж ибодатларида барча иштирокчилар тўлиқ тиббий ниқобда бўлишлари ва ижтимоий масофа сақлашлари шартлиги, мунтазам равишда тана ҳароратлари ўлчаб турилиши белгиланган.
«Ал-Жазира» хабарига кўра, зиёратчилардан улар қаерларда бўлганини қайд этиб борувчи, билакка тақиладиган электрон қурилмаларни тақиб юриш сўралмоқда.
Бу йил эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Каъбани 7 маротаба айланиш (тавоф) чоғида байтуллоҳни ўпиш ёки уни ушлашга уриниш тақиқланган. Шу мақсадда Каъба атрофи тўсиқ билан ўралган.




Маълумот учун, Саудия Арабистони – араб давлатлари ичида коронавирусга чалинганлар сони энг юқори мамлакатлардан бири бўлиб турибди. Подшоҳликда 270 мингдан ортиқ киши вирус юқтириб олган бўлиб, бу – дунё миқёсидаги 13-кўрсаткичдир. Қурбонлар сони 2,8 мингдан ошган, жами 228 мингдан ортиқ бемор тузалган.
Пандемия тарқалишинг олдини олиш бўйича чоралар доирасида март ойида мамлакатдаги барча масжидлар ёпилган эди. Июнь ойидан улар босқичма-босқич очила бошлади. Аввалроқ Мадина шаҳридаги Набавий масжидида ҳам ибодатларга рухсат берилган бўлса, Маккада жойлашган мусулмон оламининг бош масжиди – Масжид-ул Ҳаром Ҳаж мавсумига қадар ёпиқ қолаётган эди.
Қўшимча қилиш жоиз, Ҳаж мавсуми Саудия Арабистони давлати ғазнасига йилига 12 миллиард доллар даромад олиб келар эди. Ушбу даромаднинг йўқотилиши, шунингдек жаҳон миқёсида нефть нархи тушиб кетиши подшоҳлик бюджетига жиддий зарба бўлди.
Манба: Kun.uz
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
