Масаланинг баёни
Аҳли суннат уламолари «исм мусаммонинг айнидир», деганлар. Тилшунослар ва бошқа тоифалар эса бу фикрга хилоф қарашни билдирганлар. Муаллиф бу масалани исботлаш осон эмаслигини тан олади ва ўз фикрини Аллоҳ таолонинг фазлу раҳмати билан баён қилишга киришади.
Муаллифнинг таъкидлашича, «исм мусаммонинг айнидир» деган ҳукмдан исм билан мусаммо луғат жиҳатидан бир нарса экани тушунилмаслиги керак. Бу ерда назарда тутилган маъно — шариатдаги қўлланишдир. Яъни Қуръони карим ва шариат матнларининг айрим ўринларида «исм» лафзи келади, аммо ундан номнинг ўзи эмас, балки шу ном билан аталган зот ёки нарса ирода қилинади.
Муаллиф буни шундай асослайди: Аллоҳ таолонинг каломида бир неча ўринда исм лафзи мусаммо маъносида қўлланган. Каломни тушунишда эса, унинг ҳақиқий маъносига далил бўлса, лафзни шу маънода қабул қилиш асл қоида ҳисобланади.
Қуръони каримдан келтирилган далиллар
1. Юсуф сурасининг 40-оятида шундай дейилади: «Сизлар Ундан (Аллоҳдан) ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз фақат номлардан бошқа нарса эмасдир». Муаллиф бу оятда «исмлар» лафзи билан фақат номларнинг ўзи эмас, балки ўша номлар билан аталган сохта маъбудлар назарда тутилганига эътибор қаратади.
2. Аъло сурасининг 1-оятида: «Энг олий Роббингнинг номини поклаб ёд эт!» дейилади.
Муаллиф бу ўринда «исм» лафзи Роббнинг Ўзи маъносида келган, деб тушунтиради.
3. Раҳмон сурасининг 78-оятида: «Улуғлик ва икром соҳиби бўлган Роббингнинг номи баракотлидир», дейилади. Муаллиф бу оятда ҳам «исм» лафзи орқали Роббнинг Ўзи назарда тутилганини таъкидлайди.
4. Мулк сурасининг 1-оятида: «Мулк қўлида бўлган Зот буюк ва баракотлидир», дейилади. Муаллиф «табарока» лафзининг қўлланишига таяниб, аввалги оятдаги «Роббингнинг исми баракотлидир» ифодасида ҳам исм лафзи мусаммо маъносида келганини кўрсатади.
Эътироз ва унга жавоб
Бу фикрга нисбатан шундай эътироз билдирилиши мумкин: Исро сурасининг 110-оятида «Аллоҳ деб дуо қилинг ёки Раҳмон деб дуо қилинг. Қайси бири билан дуо қилсангиз ҳам, Унинг гўзал исмлари бордир», дейилган. Демак, Аллоҳнинг исмлари кўп. Шунингдек, ҳадисда Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта исми борлиги баён қилинган. Агар исм мусаммонинг айни бўлса, исмларнинг кўплиги Зотнинг ҳам кўплигини англатиб қолмайдими? Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг Зоти ягонадир.
Муаллиф бу эътирозга жавобан, мазкур оят ва ҳадисда «исм» лафзи луғавий маънода — ном маъносида ишлатилганини айтади. Шунинг учун исмларнинг кўплиги Зотнинг кўплигини тақозо қилмайди. Аллоҳ таолонинг Зоти ягона, Унинг гўзал исмлари эса кўпдир.
Шу асосда исмнинг қўлланиши икки хил бўлади: биринчиси — шариатий ҳақиқат, яъни айрим шариат матнларида «исм» лафзининг мусаммо маъносида қўлланиши;
иккинчиси
— луғавий ҳақиқат, яъни «исм»нинг ном маъносида ишлатилишидир.
Агар келтирилган оятларда «исм» лафзининг мусаммо маъносида қўлланиши шариатий ҳақиқат деб қабул қилинмаса, уни мажоз деб талқин қилишга тўғри келади.
Муаллифнинг фикрича, бу эса асл қоидага хилофдир. Чунки каломда асл қоида — лафзни ҳақиқий маъносида тушунишдир. Муаллиф шу билан баҳсни якунлайди.
Асосий тушунчалар
Исм — бирор зот ёки нарсани аташ учун қўлланадиган ном. Мусаммо — шу ном билан аталган зот ёки нарсанинг ўзи. Масалан, «Зайд» деган талаффуз қилинган ном — исм, Зайд исмли инсоннинг ўзи эса мусаммодир.
Шу мисолдан кўринадики, одатдаги луғавий қўлланишда исм ва мусаммо бир-биридан фарқ қилади: ном инсоннинг ўзи эмас. Самарқандий баён илаётган нуқта эса бошқача:
шариат матнларида баъзан номни билдирувчи «исм» лафзи орқали омланган зотнинг ўзи назарда тутилади. Демак, баҳснинг марказида исм ва усаммонинг ҳар жиҳатдан бир хиллиги эмас, балки «исм» лафзининг шариат матнларида қайси маънода қўлланиши туради.
Якуний хулоса
Шамсуддин Самарқандий ушбу масалада аҳли суннатнинг «исм усаммонинг айнидир» деган қарашини шариат матнларидаги қўлланиш билан изоҳлайди. Унингча, айрим оятларда «исм» лафзи номнинг ўзига эмас, балки номланган зотга далолат қилади.
Аллоҳ таолонинг кўп исмларга эга экани эса бу фикрга зид эмас, чунки исмларнинг кўплиги Зотнинг кўплигини англатмайди; бу ўринларда исм лафзи луғавий маънода ишлатилган.
Манба: Шамсуддин Самарқандий, «ар-Рисолат аш-Шарифийя фи-л-калом», «Исм ва мусаммо» мавзуси, тақдим этилган нусханинг 84–85-бетлари.
Манба асосида Асрорхон Маҳмудов тайёрлади
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
