Бугун Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Муҳаммад Мустафо Рўзметовнинг “Саодат асридан мактублар” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Учқун Авлиёқулов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчилари, гуруҳ мураббийлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Мазкур китобда Қуръони Карим оятлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари, шунингдек, саодат асрида яшаган саҳоба ва тобеъинлар томонидан айтилган ҳикматли сўзлардан намуналар жамланган. Ушбу дурдоналар орқали чуқур маъно-мазмунга эга ҳикматлар, ибратли кўрсатмалар, таъсирчан мавъизалар ва панд-насиҳатлар баён этилади. Асарнинг асосий мақсади – бугунги кунда яшаётган инсонларнинг маънавий ҳолатини ислоҳ этиш, умидсизлик ботқоғига ботган қалбларга умид нурларини қайта улашиш, инсонни эзгуликка етаклаш ва уни ёмон иллатлардан покланишга чорлашдан иборат. Шу билан бирга, асар ҳар бир китобхонни доимо яхшилик сари интилишга, гўзал хулқ ва савобли амаллар билан ҳаётини зийнатлашга даъват этади.
Тақдим қилинаётган ушбу китоб диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга, исломшунослик соҳаси мутахассисларига, шунингдек, шариат илмларию ҳикматларига ихлосманд бўлган барча китобхонларга мўлжалланган.
Тадбирда Олий мадраса ўқитувчиси Иброҳим домла Темиров “Саодат асридан мактублар” китобининг аҳамиятини китобни ёзиш асносида фойдаланилган манбалар билан ҳам кўриш мумкинлиги ҳамда китоб учун олдига қўйилган мақсадларни тўлиқ очиб берилганини таъкидлади.
Мазкур тадбир асносида китоб муаллифи Муҳаммад Мустафо домла Рўзметов талабалар билан “Тезкор савол-жавоб” ўтказиб, уларнинг билим ва зукколигини синовдан ўтказди. Фаол иштирок этиб, саволларга тўғри жавоб берган талабаларга эса ўзининг “Саодат асридан мактублар” номли китобини эсдалик совғаси сифатида ҳадя қилди.
Тадбир якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги борасида дуойи хайрлар қилинди.
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
