Инсон наздида «одатий» деб кўринган нарсалар билан «ғайриодатий» ўлароқ ҳайрат уйғотадиган ҳодисалар ўртасида катта фарқ бордек туюлади. Бироқ Аллоҳ таолонинг мутлақ қудрати олдида бу иккиси ўртасида заррача тафовут йўқдир. Инсон кўникиб қолган ҳодиса ҳам, ақлни лол қолдирадиган мўъжиза ҳам — барчаси У Зотнинг «Бўл!» деган амрига муҳтож. Аллоҳ таоло бир нарсани ирода қилдими, у дарҳол вужудга келади. Чунки Унинг қудратини на замон чеклайди, на макон, на табиат қонунлари ва на инсон ақлининг тор ўлчовлари.
Қуръони каримда бу ҳақиқат шундай баён қилинади:
«Биз: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» дедик.»
(Анбиё сураси, 69-оят).
Оловнинг табиати куйдиришдир. Лекин бу хусусият мутлақ эмас. Олов фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билангина куйдиради. Агар У Зот унга куйдиришни ирода қилса — куйдиради, ирода қилмаса — куйдирмайди. Демак, таъсирнинг ҳақиқий манбаи модда эмас, балки моддани яратган Зотдир.
Сув ҳам Аллоҳнинг иродаси билан суюқдир. Агар Аллоҳ таоло уни қаттиқ ва қуруқ қилишни хоҳласа, у тошдек қаттиқ бўлиб қолади. Бу ҳақиқат ҳазрати Мусо алайҳиссалом қиссасида янада ёрқин намоён бўлади:
«Батаҳқиқ, Биз Мусога: «Сен бандаларим ила кечаси йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма», деб ваҳий қилдик.»
(Тоҳа сураси, 77-оят).
Ҳазрати Мусо алайҳиссалом асоларини денгизга урдилар. Инсон ақли наздида беқарор ва тўлқинли сув бир зумда қуруқ йўлга айланди. Бу ерда ақидавий жиҳатдан ниҳоятда муҳим бир ҳақиқат мужассам: Аллоҳ таоло баъзан одат қонунларини бузиб қўяди, токи инсон сабаб билан Мусаббиб — яъни сабабларни яратувчи Зот ўртасидаги фарқни англасин.
Чунки инсон доим натижани сабаб билан бирга кўравергач, аста-секин сабабнинг ўзи таъсир қилувчи мустақил куч, деган хаёлга бориб қолиши мумкин. Ана шу нуқтада ақида бузила бошлайди. Агар инсон: «Мана шу нарса шу сабаб туфайли яралди», деб сабабни ҳақиқий яратувчи сифатида тасаввур қилса, ўзи сезмаган ҳолда ширк сари оғиб кетади. Ҳолбуки, аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра, ҳақиқий таъсир қилувчи — фақат Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Сабаблар эса натижа билан бирга яратилган воситалар, холос.
Шу боис оловда куйдириш хусусиятини яратаётган ҳам Аллоҳдир. Кўз очиб юмгунча бир инсонни бир макондан бошқа маконга кўчириш қудрати ҳам Уникидир. Замон ва маконни яратган Зот, агар хоҳласа, уларнинг ҳукмини бекор қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исро ва Меърож мўъжизаси ҳам Қуръонда келган бошқа мўъжизалар каби ҳақ ва собитдир.
Яна бир улкан ҳақиқат шуки, инсон «одатий» деб билган нарсаларнинг ўзи ҳам аслида мўъжизадир. Фақат инсон уларни кўп кўравериб, ҳайрат туйғусини йўқотган. Масалан, сигирга назар солинг. У яшил ўтни ейди ва инсон ҳаёти учун мукаммал озуқа бўлган сутни беради. Агар ер юзидаги барча органик кимё олимлари йиғилиб, шу оддий ўтдан тирик организм учун тўлақонли сут ишлаб чиқаришга уринсалар, бунга ожиз қоладилар. Ахир сигирнинг ўзи мўъжиза эмасми?
Товуқ мўъжиза эмасми? Инсоннинг яратилиши мўъжиза эмасми? Ер бағридан ўсимликнинг униб чиқиши, осмондан ёмғирнинг ёғиши — буларнинг ҳар бири илоҳий қудратнинг шуҳуд оламидаги жонли далилидир. Инсон миллионлаб мўъжизалар ичида яшайди, аммо уларга кўникиб қолгани учун кўпинча буни англамайди. Ҳолбуки, бутун коинот бошдан-оёқ мўъжизадир.
Кичиккина бир гўдак — ҳақир бир томчи сувдан яратилди. Кўз билан кўриб бўлмайдиган даражадаги майда нутфадан! Эркакдан юз миллионлаб нутфалар чиқади. Ҳар бирининг боши, бўйни ва ҳаракатлантирувчи думи бор. Улар тирик мавжудотдек ҳаракат қилади. Унинг бош қисми нозик парда билан қопланган бўлади. Тухум ҳужайрасига етиб борганда бу парда ёрилади ва ичидан чиққан модда тухум деворини юмшатиб, унга кириш имконини яратади.
Сўнг нутфа тухум ичига киради ва бачадон сари ҳаракатланар экан, ҳажми ортмасдан бўлинишни бошлайди. Шундай қилиб, бир неча ҳужайрадан бутун бир инсон вужудга келади. Бунинг ўзи ақлни лол қолдирадиган илоҳий мўъжизадир.
Гўдак туғилганида унинг миясида юз қирқ миллиардга яқин ёрдамчи ҳужайралар мавжуд бўлади. Асаб тизими, суяклар, юрак, томирлар, ўпка, ошқозон, ичаклар, кўриш ва эшитиш аъзолари, тил, лаб, мушаклар, соч, тери, тери тешикчалари, ёғ ва тер безлари — барчаси ғоят мукаммал тарзда яратилган бўлади. Бир нутфа ва бир тухумдан шундай мураккаб мавжудотнинг вужудга келиши — инсон тафаккурини титратадиган энг буюк мўъжизалардан биридир.
Ўсимлик оламига назар ташланг. Мана шу биргина япроқ — ер юзида инсон қурган энг мураккаб лабораториялардан ҳам ҳайратли тизимдир. У жим ва сокин ҳолда фаолият юритувчи корхонадир. Тупроқдан сув ва маъданларни тортиб олади, уларни дарахтнинг энг юқори қисмигача етказади. Япроқ таркибидаги хлорофилл ҳаводан карбонат ангидридни қабул қилади, қуёш нуридан энергия олади, темир моддаларининг воситачилик хусусиятларидан фойдаланади ва ҳаёт учун зарур бўлган озиқ моддаларни ҳосил қилади.
Мана шу озиқ ширалари пояларни, шохларни, илдизларни, меваларни ва турли неъматларни пайдо қилади. Бу сирларни уруғ ичига ким жойлади? Бир дона уруғга шунча илм ва тартибни ким ато қилди? Ўсимлик — мўъжиза. Ҳайвон — мўъжиза.
Денгизларда миллионлаб балиқ турлари яшайди. Китлардан айримларининг вазни саксон тоннадан ҳам ошиб кетади. Унинг бир марта эмизиши уч юз килограммга яқин сут беради. Кунига уч марта эмизса, бир тонна сут кетади. Бунинг ўзи ҳам яратилишдаги улкан қудрат манзараларидан биридир.
Қуръонда тилга олинган кичик чивинга қаранг:
«Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас.»
(Бақара сураси, 26-оят).
Бу майда жониворда ҳайратомуз хусусиятлар мужассам. У инсонни чақишдан олдин қонни суюлтиради, танани қисман ҳиссизлантиради. Унинг қанотлари бир сонияда юзлаб марта қоқилади. Оёқларида силлиқ жойларга ёпишиб туриш учун махсус туташгичлар, ноҳамис сатҳларда ушлаб туриш учун тирноқсимон тузилмалар бор. Ҳа, пашша ҳам мўъжиза.
Қўй мўъжиза. Сигир мўъжиза. Товуқ мўъжиза. Инсоннинг яратилиши мўъжиза. Мевалар ва турли неъматлар мўъжиза. Қуёш ҳам мўъжиза. У Ердан юз эллик олти миллион километр узоқда туриб, бизга иссиқлик ва ёруғлик беради. Агар Ер қуёш бағрига ташланса, бир зумда буғланиб кетар эди.
Демак, бутун коинот — бошдан-оёқ илоҳий қудратнинг тирик тажаллисидир. Энди ўйлаб кўринг: Маккадан Байтул-Мақдисга, сўнгра осмонларга олиб чиқиш Аллоҳ таолога қийинми? Замон ва маконни яратган Зот учун уларнинг чегарасини бекор қилиш мушкулми?
Инсон коинот ҳақида чуқур тафаккур қилса, шу ҳақиқатни англайди: у «одатий» деб атаган нарсалар ҳам, «ғайриодатий» деб ҳайратланган ҳодисалар ҳам Аллоҳ таолонинг қудрати олдида мутлақо баробардир. Балки ҳақиқат шуки — инсон кўникиб қолган ҳар бир нарсанинг ўзи ҳам аслида битмас-туганмас мўъжизадир.Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг “Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар” энциклопедиясидан Мир Араб олий мадрасаси ўқитвчиси Абдураҳмонов Абдулҳодий таржимаси
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
