Самарқанднинг ёши қайта баҳоланди. Энди у янада қадимий
Muallif: . .
Sana: 26.07.2025
223

Самарқанд шаҳрининг ёши 3000 йил деб қайта баҳоланди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида қарор қабул қилинди.

Қайд этилишича, ушбу қарор ҳокимлик ташаббуси билан ташкил этилган жамоатчилик кенгаши ва тарихчи-археологларнинг изланишлари асосида қабул қилинган.

Шаҳрнинг ёшини аниқлаш мақсадида Афросиёб, Кўктепа ва Амир Темур аркида фанлараро тадқиқотлар ва қазишмалар олиб борилган. Топилган археологик далиллар, хусусан, милоддан аввалги VII-IV асрларга оид мудофаа девори, хом ғиштлар, ҳайвон суяклари ва сопол парчалари асосида мутахассислар Самарқандда илк урбанизация милоддан аввалги I минг йиллик бошларида бошланган, деган хулосага келган.

Сессияда Ўзбекистон Фанлар академияси, Самарқанд археология институти ва халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари бўйича Самарқанд шаҳрининг илк урбанизацияси милоддан аввалги II минг йиллик охири ва I минг йиллик бошига тааллуқли экани ҳақидаги тақдимот материалларини маълумот учун қабул қилиш, Афросиёб ва Кўктепа ҳудудларида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида топилган осори-атиқалар, илмий маълумотлар ва ҳужжатларни тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этиш бўйича қарор қабул қилинган.

Маълумот учун, Самарқанд шаҳрининг ёши босқичма-босқич қуйидагича аниқланган. Илк илмий изланишлар даврида шаҳрнинг ёши 1500 йил деб тахмин қилинган. Сўнгра 2000 йил деб баҳоланган. 1970 йилларда эса йирик илмий тадқиқотлар асосида 2500 йил деб эълон қилинган. 2000 йилларда Ўзбекистон–Франция қўшма экспедицияси тадқиқотлари асосида 2750 йил деб аниқланган.

Манба qalampir.uz

. .