ДУО ҚИЛАЁТГАНДА ҚЎЛЛАРНИ КЎТАРИШ
Muallif: . .
Sana: 18.03.2025
213

Муқаддас динимизда барча ибодатларнинг, катта-ю кичик амалларни бажаришнинг ўз қонун-қоидаси бор. Дуо ҳам ана шундай ибодатлар сирасига киради. Дуо ибодатлар мағзи дея таърифланади.

Пайғамбарлар отаси номини олган Иброҳим алайҳиссалом ўз юрти ҳаққига қандай дуо қилган эдилар:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَداً آمِناً وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنْ الثَّمَرَاتِ

“Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла”. (Бақара сураси, 126-оят).

Дуо – кўнгилдаги яширин сирлардан хабар берувчи, ёлғон аралашмайдиган, ҳақиқий, чин юракдан сизиб чиқувчи бир туйғу ҳисобланади. У Аллоҳ билан бевосита боғланишдир. Бу боғланишда энг самимий тилаклар, энг катта орзулар рўёби сўралади.

Дуонинг мазмунига эътибор қаратинг. Унда жамиятнинг фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи икки омил айтилмоқда. Бири тинчлик-омонлик, иккинчиси ризқ-рўз. Ҳақиқатда мана шу икки нарса биргаликда турар экан ҳаёт бир маромда давом этади. Ҳар иккиси ёки бири йўқ бўлганда, ҳаётда қийинчилик ва машаққатлар бўй кўрсата бошлайди.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُؤْتَى بِأَوَّلِ الثَّمَرِ فَيَقُولُ “اللَّهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِى مَدِينَتِنَا وَفِى ثِمَارِنَا وَفِى مُدِّنَا وَفِى صَاعِنَا بَرَكَةً مَعَ بَرَكَةٍ”. ثُمَّ يُعْطِيهِ أَصْغَرَ مَنْ يَحْضُرُهُ مِنَ الْوِلْدَانِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меванинг аввали келтирилар эди. Шунда у зот: “Аллоҳумма барик лана фи мадинатина ва фи самарина ва фи муддина ва фи соъина барокатан маъа барока” дуосини айтардилар. Сўнгра уни ҳозир бўлган болаларнинг энг ёшига берардилар”.

Муслим ривоят қилган.

Дуонинг таржимаси: Эй Аллоҳим! Бизнинг шаҳримизга, мевамизга, муддимизга ва соъимизга барака устига барака бер.

Муд ва соъ – ҳажм ўлчов бирликлари.

Юқоридаги оят ва ҳадисдан кишининг ўз юрти, миллати ҳаққига дуо қилиши шаръий амал экани келиб чиқади.

Демак, уламоларнинг таъкидлашларича, ватанни севиш ва унинг ҳақига дуо қилиш шариатда бор иш экан. Шунингдек, ватанни севиш шаръан жоиз, ҳатто мусулмон кишини Роббига яқин қиладиган ибодатлардан экан.

حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لا يَشْعُرُونَ

“Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар”, деди. (Намл сураси, 18-оят).

Динимиз кўрсатмаларига кўра дуо қилаётган инсоннинг қўлларини кўтариши ва юзига суртиши суннат амаллардан саналади. Мазкур амал Ҳазрати Умар (р.а.) ривоят қилган ҳадисда ривоят қилинган. Ҳанафий мазҳабининг мўтабар манбаларидан бўлмиш “Дуррул-мухтор”да аллома Ҳаскафий дуода қўлларни кўтариш, кафтларни бирлаштириш ҳамда юзга тортиш суннат амаллардан эканини таъкидлаган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда мўмин-мусулмонлар, хусусан, ёшлар орасида интернет тармоғидан олинган маълумотлар асосида бир-бирини адашганликда айблаш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Мазкур амал борасида ҳам мазҳабимиз уламолари тутган йўлдан оғишмасак бундай ихтилофлар ўз-ўзидан барҳам топади. Яратган барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Аъзамжон Тошбоев,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .