ТОБЕЪИНЛАР ДАВРИДА ҚИРОАТ
Muallif: . .
Sana: 18.12.2024
231

Бандаларни тўғри йўлга бошлайдиган, ҳидоятга чорлайдиган, ҳалол-ҳаромни очиқ-ойдин қилиб берган, жаннат йўлига етаклайдиган муқаддас китоб Қуръони каримдир. Бандалар бу илоҳий каломни ўқиган сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткирлашиб, қалби покланиб, гуноҳи кечирилиб, Аллоҳ таолога яқинлашиб бораверади. Бошқа бирорта китобда бу каби тароват топилмайди. Қалбларимизни ҳидоят нури билан мусаффо этаётган, фаровон ҳат сари бошлайдиган Қуръони карим тарихига назар ташлайдиган бўлсак, айрим ўзига хос жиҳатларини мулоҳаза қилмасликнинг сира-сира иложи йўқ. Чунки у асрлар давомида ҳаётимизнинг ҳар жабҳасига айланиб кетган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида кўплаб саҳобалар қироат илмида пешқадам бўлдилар. Имом Заҳабий ўзининг “Табақот ал-кубро” асарида шундай дейди: “Саҳобалардан Қуръон ўқитишда энг машҳурлари еттитадир. Улар Усмон, Али, Убай, Зайд ибн Собит, Ибн Масъуд Абу Дардо ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳум. Масалан, Убай розияллоҳу анҳудан бир қанча саҳобийлар Қуръон қироатини ўрганишган. Жумладан, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳу шулар қаторига киради. Шунингдек, Ибн Аббос Зайддан ҳам қироатни ўрганган”.

Булардан бошқа саҳобалар ҳам қироат илмида пешво эдилар. Улар билмаган нарсаларини зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олишар ва ҳаётларига тўлиқ тадбиқ этишарди. Саҳобаи киромларнинг барчаси соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари бўлганлари учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас эди. Уларнинг ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилардан саналишган. Энди эса араблардан кўра араб бўлмаган мусулмонлар кўпайиб кетиб, араблар ҳам аввалгиларига ўхшамас эди. Бора-бора саҳобалар бу илмни омонат ўлароқ тобеъийнларга қолдиришди.

Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеъинлар ҳам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеъинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар ҳам бошқаларга Қуръони Карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.

Бу даврга келиб, Ислом кўп жойларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди. Шунинг учун ҳам тобеъинлардан қироатга моҳир ва устоз бўлганлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларнинг турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз.

Тобеъинлардан ўзининг қироати ва Қуръон устози деган номи билан Мадинада машҳур бўлганлар: Ибн Мусайяб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулайман ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муъоз ибн Ҳорис, Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жундуб, Зайд ибн Аслам ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Маккада машҳур бўлганлар: Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Мулайка ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Куфада машҳур бўлганлар: Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шураҳбил, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурраҳмон Суламий, Саъид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Басрада машҳур бўлганлар: Абу Олия, Абу Ражо, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сирин, Қатода ва бошқалар.

Улар Қуръон илмига муҳаббат қўйдилар, унинг фазилатини баён этдилар, унинг хатмига доир маълумотларни ёзиб қолдирдилар. Жумладан, улуғ тобеъин Мужоҳид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким Қуръонни хатм қилса, у киши учун рад этилмайдиган дуо ато қилинади”, деб айтганлар.

Шу тарзда ушбу илоҳий китоб улардан кейинги авлодларга ўтиб, то бугунги кунимизгача соф ҳолда етиб келди. Қолаверса, бу калом Аллоҳ таолонинг сўзи билан айтганда қиёматга қадар боқийдир. Бу китобни ушлаган киши ҳидоят маёғини қўлга киритибди. Буни қўлдан бой берганлар мустаҳкам арқонни тарк этибди.

Аллоҳ таоло илоҳий каломни қалбимизга жо қилсин. У билан қалбимизни мунаввар этсин. Барчамизни қиёмат куни Қуръони каримнинг шафоатига ноил айласин.

Ҳамидуллоҳ Арипов,
Мир Араб олий мадрасаси Қуръони карим ва тажвид фани ўқитувчиси

. .