
Барчамизга яхши маълумки, биз яшаётган бугунги даврда барча жамиятларга бирдек хавф туғдираётган ғоявий таҳдид ва мафкуравий тажовузлар тобора ортиб бормоқда. Ғоявий таҳдид ва мафкуравий тажовузларнинг илмий истилоҳлардаги мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, бу – муайян миллат, жамият, давлатнинг тинчлиги ва барқарорлигига қарши қаратилган, мавжуд тузумни заифлаштириш ва бузишга йўналтирилган, фуқаро ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ғоявий-назарий қарашлар ва унга асосланган амалиёт мажмуи ҳисобланади.
Бугунги кунда кўплаб мусулмонлар яшаётган жамиятларда пайдо бўлаётган катта хавфлардан бири сифатида ислом динига қарши қаратилган ғоявий таҳдидларни эътироф этишимиз мумкин.
Мен маърузамда эътибор қаратмоқчи бўлган жиҳат, мусулмон жамиятларда мавжуд ғоявий таҳдидларга қарши курашишда бирдамликнинг аҳамияти катта эканлиги саналади.
Ҳозирда аксарият исломий жамиятларга бўлаётган таҳдидлар ақидавий ёки фиқҳий йўналишда намоён бўлмоқда ва бу таҳдидлар мусулмон бўлмаган тоифалар томонидан ҳамда гоҳида ўзини исломга нисбат берувчи, бидъатчи тоифалар томонидан ташкил этилмоқда. Ушбу таҳдидлар гоҳида маълум бир географик минтақага қаратилган бўлса, гоҳида бутун бошли мусулмон жамиятига алоқадор бўлмоқда. Ушбу таҳдидларни олдини олиш ва юзага келганларни бартараф этиш учун дунё миқёсида аҳли сунна вал жамоа уламоларидан иборат бирлашма ташкил этилиши ва бунда фиқҳдаги 4 мазҳаб бўйича етук фақиҳ олимлар ҳамда ақидадаги мотуридий ва ашъарий мазҳабларининг калом уламолари иштирокида ҳар бир муаммонинг ечими борасида тизимли муҳокамалар олиб борилишининг йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ.
Бу орқали муайян бир ҳудуд ва минтақаларга хос бўлган муаммоларга халқаро даражада ислом уламоларининг берган жавоблари муаммонинг тез ва ижобий ҳал этилишига самарали таъсирини кўрсатади. Дунёнинг бошқа минтақаларида янги куртак очган диний ва мафкуравий таҳдидлардан бошқа минтақадаги ислом уламолари ҳам тез хабардор бўлиши ва унинг ечимини топишда ҳиссадор бўлишлари мумкин. Ҳадиси шарифда айтилганидек “Мўмин мусулмонларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган меҳр-муҳаббатларидаги мисоли худдики бир жасаднинг мисолига ўхшайди. Қачонки, ундаги бир аъзоси бемор бўлса қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан ёрдамга келади” - Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти.
Устоз Жобир домла Элов
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
Мир Араб олий мадрасаси ректори
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
