ИЛМ БУ – НУРДИР
Muallif: . .
Sana: 21.02.2024
152

Бизларнинг ҳар бир қилаётган ишимизни Ўзининг “Алийм” сифати билан билиб турувчи ва “Ҳодий” сифати билан бизларни тўғри йўлга бошлаб турувчи Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Ҳақ билан ботилни ажратиб берган, бир неча йўллар ичидан роҳи ростни кўрсатиб берган Расули Акрам саллалоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.

ДЕБОЧА

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:أَنَا مَدِينَةُ الْعِلْمِ وَعَلِيٌّ بَابُهَا

“Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозасидир”.

Шу ҳадисни эшитиб, бир нечта хорижийлар ҳасад қилиб, улардан 10 таси ўзаро маслаҳатлашиб, улар айтдиларки: “Ўн киши танҳо-танҳо бориб бир масалани сўраймиз, агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммадни сўзлари ростлиги маълум бўлади ва Али олимлиги аниқланади, аммо бир хил жавоб берса демак ҳамма гап ёлғон бўлади”, деб имтиҳон қилмоқни маслаҳат қилдилар. Биринчиси ҳазрати Али разияллоҳу анҳу олдиларига келиб: “Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, деб савол берди. Ҳазрати Али дедилар:

- Илм пайғамбарлардан қолган меросдир, аммо бойлик Қорун, Шаддод ва Фиръавн ва уларга ўхшаш кофирлардан қолган меросдир.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради иккинчиси.

- Илм кишига ҳамма балолардан сақловчи қўрғондир, у сенга қўрғон бўлади, аммо бойликка эса сен ўзинг қўрғон бўласан.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради учинчиси.

- Бой бўлган кишининг душмани кўп бўлур, илмлик зотнинг дўстлари бисёр бўлур.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўртинчиси.

- Бойликни сарф қилсанг камайиб кетаверади, аммо илмни сарф қилишинг сари кўпаяди.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради бешинчиси.

- Бойлиги бўлган кишини бахиллик ва зиқналик сифати билан ёд қиладилар. Илмлик кишини эса улуғлик ва ҳурмат ила ёд қиладилар.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради олтинчиси.

- Бойликни ўғридан эҳтиёт қилиш керак, аммо илмни эҳтиёт қилиш шарт эмас, чунки уни ўғри ололмайди.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради еттинчиси.

- Бойлиги бор кишини қиёматда молининг ҳисоб китоб қилинади, аммо илмлик кишини илмидан ҳисоб олинмайди.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради саккизинчиси.

- Бойлик кўп турса эскириб, чириб йўқ бўлиб кетади, аммо илм кўп турган сари қувват ҳосил қилади.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради тўққизинчиси.

- Бойлик дегани қалбни қорайтириб, хира қилади. Илм дилни равшан ва мунаввар қилиб нурли қилади.

“Эй Али, илм афзалми бойлик афзалми”, сўради ўнинчиси.

- Одамни моли кўп бўлса, унга маст бўлиб, Фиръавндек даъвои Худолик қилади. Агар кишининг илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик ила бандалик қиладилар.

Шундан сўнгра хорижийлар ҳаммалари ҳазрати Алини олимликларига ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ростгўйликларига иймон келтириб мусулмон бўлдилар. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу уларга қараб: “Агар сизлар мени умрум тамом бўлгунча ушбу сўздан сўрасангизлар эди ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берардим”, дедилар.

Аллоҳ таоло иймонли ва илмли кишиларни Ўзининг китобида мақтаб дейди:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

“Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради”

Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам иймонли илмли зотларнинг мартабаси улуғ бўлади. Худои таоло Иброҳим алайҳиссаломга деди: “Эй Иброҳим, Мен Олимман ва илмли зотларни севаман”.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, унга 7 яхшилик бор:

1. Таълим олувчиларнинг фазилатига эришади.

2. Олим билан бирга ўтиришда давом этса, гуноҳ ва хатолардан холи бўлади.

3. Уйидан чиқса, унга Аллоҳнинг раҳмати тушади.

4. Олимнниг олдида ўтирганларга Худонинг раҳмати тушади, демак, унга ҳам шу раҳматдан насиба етади.

5. Модомики, эшитиб турар экан, унга ҳам яхшилик ёзилади.

6. Малоикалар олимлардан рози бўлиб, уларни қанотлари билан ўраб турадилар. Табиий, ушбу мажлисда ўтирган илмсиз киши ҳам бундан насиба олади.

7. Ҳар бир қўйган ва кўтарган қадами гуноҳлари учун каффорат бўлади, даражасини юксалтиради ва яхшиликларини зиёда этади. Сўнгра уни Аллоҳ таоло бошқа 6 фойдага муяссар қилади:

1. Олимлар мажлисида қатнашишни яхши кўриш неъмати ила мукаррам этади.

2. Олимга эргашган ҳар бир кишининг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади.

3. Агар улардан бирортасининг гуноҳи кечирилса, у бошқаларга шафоатчи бўлади.

4. Қалби фосиқлар мажлисидан совийди

5. Солиҳлар ва таълим олувчилар йўлига киради.

6. Шу иши билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади. Чунки Аллоҳ таоло:

كُونُوا رَبَّانِيِّينَ بِمَا كُنْتُمْ تُعَلِّمُونَ الْكِتَابَ وَبِمَا كُنْتُمْ تَدْرُسُونَ

“Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилардан бўлинглар”

Фатҳ Мусалий айтади: "Касалга обу таом берилмаса, ўлгани каби қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади". Яна бир шайх Абу Муҳаммад Фазлнинг мана бу гапларига эътибор беринг: "Киши тўрт иш билан Иймони заифлашади: бири — билганига амал қилмаса, иккинчиси — билмаганига амал қилса, учинчиси — билмаганини изламаса, тўртинчиси — билиш ва ўрганишга интилган одамларга халақит берса".

Ҳасан розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:

عن الحسن ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « الْعِلْمُ عِلْمَانِ فَعِلْمٌ فِي الْقَلْبِ فَذلِكَ الْعِلْمُ النَّافِعُ ، وَعِلْمٌ عَلَى اللِّسَانِ فَذَلِكَ حُجَّةُ الله عَلَى ابْنِ آدَمَ »

“Илм икки хил бўлади. (Биринчиси) қалбдаги илм, мана шу манфаатли илмдир. (Иккинчиси) тилдаги илм, буниси эса Аллоҳнинг махлуқотларига (яъни, бандаларига) ҳужжатидир”

Қалб илми бу илми шариат, охират илми, қиёматда бизга фойда берадиган. Бу ояти карима, ҳадиси шариф, тақвога Худотарсликка олиб борувчи илмлар. Мана шуниси қиёмат кунида манфаатли илмдир. Тилдаги илм бу мана шу дунёмизга керакли бўладиган илмлар. Бизнинг ҳаётимиз осон кечишига ёрдам берадиган илмлар. Тижорат илми, тиббиёт илми, деҳқончилик илми, фалакиёт ва муҳандислик илми ва ҳоказо... бу илмларсиз ҳам бу дунёда хотиржам бўлолмаймиз. Хотиржам бўлолмадикки, ибодат ҳам ўзига яраша бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз с.а.в. деганлар:

عن أنس بن مالك ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « اطْلُبُوا الْعِلْمَ وَلَوْ بِالصِّينِ ، فإنَّ طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ »

“Илмни Хитойда бўлса ҳам ўрганинглар, чунки илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир”.

Бундан, шундай хулоса чиқади. Ҳар бир фарзанди зурриётимизга бизлар аввало ҳар бир ишни инсоф билан бажариши учун Худони танитишимиз лозим. Қилаётган ишларини ўзидан аввал миллатни ўйлаб бажариши учун Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳадисларини ўргатишимиз зарурдир. Ана ундан кейин боланинг қоблиятига қараб, бир касбни ёки бир ўқишга қўймлади. Чунки бизларга иймонли ва Худодан қўрқадиган халқ керак.

Қизингизни шифокор қилмоқчимисиз, ҳар доим кузатиб турувчи Худони танисин, ана шунда ҳар бир беморни унга ҳамдард бўлиб даволайди. Ўғлингизни қобилияти тижоратчиликми, Расулуллоҳга муҳаббатлантиринг, келажакда миллатни алдамайдиган, оқни оқ деб қорани қора деб сотадиган инсофли тижоратчи бўлиб ўсади. Саховатли бой, ўз вақтида закотини берувчи савдогар бўлади. Наверангизни давлатнинг масъул ходими қилмоқчимисиз, Худо ва Расулини таниб, севсин ана шунда ҳар бир ишда одиллик ва инсоф билан ёндашади. Фарзанду зурриётимиз қайси касбни танламаскан, аввало уларни иймонларини бут қилайлик. Ана шунда улар бу дунё ишларида инсофу виждон билан ёндашидиган бўладилар. Агар Аллоҳдан қўрқмаса, ўзидан бошқани ўйламайди ва бундай худбин, лоқайд қавм тез кунларда хароб бўлади. Аммо келажак авлод тақводор ва иймонли бўлса, демак, сиз мусулмонлик бурчингизни бажарган бўласиз. Келажак учун қайғурмасдан хотиржам дунёдан ўтсангиз ҳам бўлади.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمْ:"أَيُّمَا نَاشِئٍ نَشَأَ فِي طَلَبِ الْعِلْمِ وَالْعِبَادَةِ حَتَّى يُكْبُرَ، أَعْطَاهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَوَابَ اثْنَيْنِ وَسَبْعِينَ صِدِّيقًا".

“Қайси ўспириники илм талабида ва ибодатда ўсса ва умри давомида мана шу ҳолатда бўлса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унга 72 та сиддиқнинг савобини ато қилади”

Аммо айримларимизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтириш-мажлисларга, ношаръий зиёфатларга сарфлаб юборяпмиз. Бу билан биз ўзимизга қиёматни яқинлаштиряпмиз.

Чунки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, қиёмат яқинлашса, Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм йўқолади, нодонлик кучаяди, фитналар содир бўлади, ҳарж кўпаяди». «Ё Расулаллоҳ, харж нима?»—деб сўрадилар. Расулуллоҳ «Қотиллик» деган маънода қўлларини бўғизлари устидан юргиздилар. Яна бир ҳадисда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одамлар бошига бир замон келурки, унда қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайди».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ қиёматга яқин илмни одамлардан тортиб олиш билан суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила барҳам беради. Ҳатто олим қолмаганда, одамлар жоҳилларни бошлиқлар қилиб олишади. Бас, ўшалардан диний масалалар сўралади. Улар эса, илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар».

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ ، أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا أَنْتَ ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Рохат Муҳаммадшоева
. .