САЪДИЙ ШEРОЗИЙНИНГ «ГУЛИСТОН» АСАРИДА ИНСОННИНГ АХЛОҚ - ОДОБ СОҲИБИ БЎЛИШИДА ОТА-ОНАНИНГ ТАЪСИРИ
Muallif: . .
Sana: 11.07.2023
265

Аннотация: Ушбу мақолада Х-ХИ асрларда яшаган форс шоири ва мутасаввиф олим Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» асаридаги «Тарбия таъсири» боби тадқиқ қилинди.

Калит сўзлар: ҳамд, сано, расул, уммат, қиёмат, кашшоф, мутасввиф.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бутун борлиқни йўқдан бор қилган, одам наслини мавжудотлар ичида мукаррам қилиб яратган[1], унга қалам билан илм ўргатган[2] Аллоҳ Таолога ҳамду санолар; асосий қабул бўлажак дуосини умматларини Қиёматда шафоат қилиш учун сақлаб қўйган пайғамбаримиз ( с.а.в. ) ва у зотнинг оила аъзоларига салавоту саломлар бўлсин .

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадисда расулуллоҳ ( с.а.в.): «Олимлар – пайғамбарларнинг меросхўрларидир», - деб марҳамат қилдилар[3]. Пайғамбарларнинг асосий вазифаларидан бири халқни Ҳаққа даъват қилиш экан, олимлар ҳам ушбу амалда собит бўладилар. Шундай олимлардан бири бутун дунёга «Шайх Саъдийʼʼ номи билан машҳур бўлган Абу Муҳаммад Муслиҳиддин ибн Абдуллоҳ Саъдий Шерозий (1210-1292) бўлиб ҳисобланади. Саъдий Шерозий - форс насиҳатгўй шоири, мутасаввиф, адиб ва мутафаккир, ғазал жанрининг кашшофи ва устодидир. Саъдийнинг ҳаёти ва ижоди уч қисмга бўлинади: 1226 йилдан 1239 йилга қадар-мактаб даври, 1239 йилдан 1256 йилгача - жаҳонгашталик даври, 1256 йилдан 1292 йилгача - шайхлик даври.

Бўлғуси шоир отасидан жуда эрта етим қолди. У бошланғич маълумотни туғилган шаҳри Шерозда олгач, таҳсилни халифаликнинг пойтахти, илм ва маданият маркази бўлган Бағдодда давом эттирган. «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида диний, филологик, табиий ва аниқ фанларни ўрганган. Ўз даврининг донгдор мутасаввифи ва файласуфи Шаҳобиддин Суҳравардий ҳамда йирик илоҳиётшунос Абул-Фараж Абдураҳмон ибн Жавзий қўлида таҳсил олган. Натижада уларнинг зоҳидий тариқатларига чуқур киришиб кетади.

Мадрасани тугатган Саъдий Шарқ мамлакатлари бўйлаб 30 йиллик саёҳати давомида Кичик Осиё ярим ороли, Миср, Хуросон, Шарқий Туркистон, Ҳиндистон каби мамлакатларни баъзан уловда, баъзан пиёда кезиб чиққан. Қийинчиликлар билан кечган бу саёҳатларида Саъдий ҳаёт илмини чуқур ўрганиб, инсон феълини бутун мураккаблиги билан англаб, ўз даврининг кўпни кўрган донишманд кишиси бўлиб етишган. Унинг дунёқараши ўзининг замондошлари ва ўтмишдошлари бўлмиш Фаридиддин Аттор ва Жалолиддин Румий, шайх Абдулқодир Жилоний ва бошқаларнинг сўфийлик қарашлари билан назарий жиҳатдан ҳамфикрдир.

ХИИИ аср ўрталарида Шерозга қайтиб келган Саъдий дунё ташвишларидан ўзини четга олиб, шаҳар чеккасидаги шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф хонақосида фақирона ҳаёт кечирган.

У умри давомида «Куллиёт», «Гулистон», «Бўстон», «Араб қасидалари», «Форс қасидалари», «Таржиббанд» каби бир неча маърифий ва назмий асарлар ёзди . Улар орасида «Гулистон» ҳамда «Бўстон» номли асарлари барча даврларнинг маърифат аҳллари томонидан севиб ўқилди. Айниқса, «Гулистон» (1258- йил) асари ўзига хос ирфоний жозибага эга бўлиб, унда ишлатилган диний-ирфоний истилоҳлар, назмий парчалар катта тарбиявий аҳамиятга эга.

«Гулистон» ҳаётий ҳикоятлардан ташкил топгани, донишманд шоирнинг бу ҳикоятлар сўнгида қиссадан ҳисса тарзида келтирган шеърлари ҳақиқий турмушдан чиқарилган хулосалар эканлиги билан жаҳон илму адаб аҳлини бирдай ўзига тортиб келмоқда. БМТ нинг Тинчлик Кенгаши биноси пештоқига «Гулистон»дан олинган қуйидаги мисралар битилган:


بنىآدم اعضای یک پیکرند
که در آفرینش ز یک گوهرند

چو عضوى به درد آورَد روزگار
دگر عضوها را نماند قرا

تو کز محنت دیگران بیغمی
نشایدکه نامت نهند آدمی

Таржимаси:

«Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади. Агар сен бошқаларнинг машаққатига бепарво бўлсанг, сени одам деб ҳам бўлмайди».

Мана шу байтлар ҳам Саъдийнинг қай даражада халқпарвар бўлиб, уларнинг ғамида бўлганлигини яққол кўрсатиб туради. У доимо бошқаларга кўмак бериш, халқнинг аҳволини енгиллаштириш ҳаракатида бўлган. Дарҳақиқат, қайси жамият кишилари мана шундай руҳда тарбияланса, ўша жамият ҳар соҳада гуркираб - яшнайди.

1958 йил Бутунжаҳон Тинчлик қўмитасининг қарори билан «Гулистон»нинг 700 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланган. Меркурийдаги вулқон Саъдийнинг номи билан аталади. Душанбедаги катта йўл ҳам Саъдий шарафига номланган.

«Гулистон» асарининг еттинчи боби «Тарбиянинг таъсири» деб номланган. Ушбу бобдаги ҳикоятлардан бирини келтирамиз.

حکایت[4]

پادشاهی را پسری را بادیبی داد و گفت : این فرزند تست ، تربیتش همچنان کن که از فرزندان خویش. ادیب خدمت کرد و متقبل شد وسالی چند برو سعی کرد و بجای نرسید و پسران ادیب درفضل وبلاغت منتهی شدند . ملک دانشمندرا مؤاخذت کرد و معاتبت فرمودکه وعده خلاف کردی و وفا بجا نیاوردی . گفت : بر راٌی خداوند روی زمین پوشیده نماند که تربیت یکسانست و طباع مختلف.

گرچه سیم و زر زسنگ آید همی

در همه سنگی نباشد زر و سیم

بر همه عالم همی تابد سهیل

جائی انبان می کند جائی ادیم

Таржимаси:

Бир подшоҳ ўғлини бир донишмандга топшириб, шундай деди: «Бу сенинг фарзандинг, уни ўз фарзандинг каби тарбия қил». Донишманд қабул қилди ва хизматни бошлади. Бир неча йил шу йўлда ҳаракат қилди, аммо подшоҳ ўғлининг тарбияси меъёрига етмади. Ўз ўғиллари эса фазилат ва балоғатда ниҳоятда юксалдилар. Подшоҳ донишмандни чақирди ва ундан норози бўлиб: «Ваъдангга хилоф иш қилдинг, вафодорлик қилмадинг», - деб дўқ қилди. Донишманд: «Бутун борлиқ Унинг олдида мавҳум бўлмаган Аллоҳ ҳақи, тарбия бир хил бўлди, лекин уларнинг табиати ҳар хил эрур», - деб жавоб берди.

Гарчи олтин ва кумуш асли тошдан чиқса ҳам

Ҳамма тошда ҳам бўлавермас бу икков.

Суҳайл юлдузи бутун оламга нур сочса ҳам

Бир жойни обод қилур, бир жойни хароб.

Бир ҳадисда пайғамбаримиз (с.а.в.): «Тоғ жойидан силжиди, деса, ишонинглар, лекин инсон хулқи ўзгарди деса, ишонманглар. Зеро у яратилган табиатига кўра юради»[5], - деб айтдилар. Ота-она боласига у дунёга келмасдан олдин таъсир ўтказишни бошлаган бўлади. Яъни ота-она қандай ҳаёт кечирса, бола шунақа руҳда дунёга келади, сўнг уларнинг тарбиясига мувофиқ киши бўлиб шаклланади. Юқоридаги ҳикоятда келтирилган подшоҳнинг ўғли билан донишманднинг ўғиллари орасидаги фарқ ҳам мана шундан иборат бўлган. Яъни подшоҳнинг ўғли дунёга рағбатли, донишманднинг ўғиллари эса илм, тақво, фазилатларга рағбатли бўлиб етишдилар. Кимки ўз фарзандларининг олим ёхуд фозил бўлишини истаса, ўзи илмга рағбатли ва аҳли илмга ниҳоятда тавозеъли бўлиши керак. Шунда фарзандлари ота-онасига нисбатан олимроқ ва фозилроқ бўлади. Ҳозирги замон тиббиёт вакилларининг аниқлашларига кўра бола ҳаёти учун зарур маълумотларнинг 80-85 фоизини беш ёшгача бўлган даврда ўзлаштиради. Бу давр, табиийки, аксарият болаларда ўз уйида – оила даврасида кечади. Чунончи, бир эру хотин янги туғилган чақалоқларини олиб бир ҳакимнинг олдига келиб, ундан: «Биз фарзандимизга қачондан бошлаб тарбия берайлик?»-деб сўрашди. Шунда у киши: «Фарзандларингиз қачон туғилган эди?»-деб сўради. Ота-она: «Қирқ кун бўлди»- деб жавоб берди. Шунда ҳаким: «Қирқ кун кеч қолибсизлар», - деб айтган экан. Демак, боланинг тарбияси билан қанча эрта шуғулланилса, муваффақиятга эришиш шунча осон ва шу боланинг келажакдаги илми, ахлоқи , даражаси шунчалк баланд бўлади. Шунга яраша халқ ва жамиятга етказадиган манфаати ҳам юқори бўлади. Шунинг учун боласининг келажакда яхши инсон бўлишини хоҳлаган киши бунга катта аҳамият бериши лозим. Унинг китоб ўқиши ва илм олиши учун барча шароитни ҳозирлаб бериши керак.

«Гулистон» асарининг иккинчи – «Дарвешлар ахлоқи» бобида қуйидаги ҳикоя келтирилган.

حکایت[6]

لقمان را گفتند : ادب از که آموختی؟ گفت : از بی ادبان . هر چه از ایشان در نظرم ناپسند آمد از فعل آن پرهیز کردم.

نگویند ازسربازیچه حرفی

کزان پندی نگیرد صاحب هوش

و گر صد باب حکمت پیش نادان

بخواند آیدش بازیچه در گوش

Таржимаси:

Луқмони ҳакимдан: «Одобни кимдан ўргандинг?» –деб сўрадилар. У киши: «Одобсиздан ўргандим. Улардаги қайси бир жиҳат менга ёқмаган бўлса, ундан ўзимни йироқ тутдим», - деб жавоб берди.

Гар оқилга ҳазил гап қилсанг,

Ундан лойиқ ҳикмат олади.

Лек нодонга юз ҳикмат айтсанг,

У бу пандни ҳазил билади.

Яъни шайх Саъдий бу ҳикояси билан ҳар бир инсон дунёдаги ҳар қандай гап, панд, ҳикмат ёхуд воқеага ўз назари билан қарашини кўрсатиб ўтган. Инсон ҳар бир нарсани ўз ўлчови блан ўлчаб, ўзича хулоса чиқаради. Табиати соф бўлган инсон нопок нарсадан ҳам ўзига тўғри хулоса чиқаради. Аммо табиати нопок ва бузуқ одам унга айтилган панду насиҳатни ҳам ҳазиломуз қабул қилиб, эътибор бермайди ва ахлоқу одобининг юксалишига интилмайди. Бу эса жамиятга салбий таъсир қилади.

Юқоридаги бобдан яна бир ҳикояни келтирамиз.

حکایت

یکی از فضلا تعلیم ملک زاده ای همی داد و ضرب بی محابا زدی و زجر بی قیاس کردی. باری پسر از بی طاقتی شکایت پیش پدر برد وجامه از تن دردمند بر داشت پدررا دل به هم بر آمد. استادرا گفت که پسران آحاد رعیت را چندین جفا و توبیخ روا نمیداری که فرزند مرا ، سبب چیست ؟ گفت : سبب آنکه سخن اندیشیده باید گفت و حرکت پسندیده کردن همه خلق را علی العموم و پادشاهان را علی الخصوص به موجب آن که بر دست و زبان ایشان هر چه رفته شود هرآینه به افواه بگویند و قول و فعل اوام الناس را چندان اعتباری نباشد.

اگر صد ناپسند آمد ز درویش

رفیقانش یکی از صد ندانند.

وگر یک بذله گوید پادشاهی

از اقلیمی به اقلیمی رسانند .

پس واجب آمد معلم پادشه زاده را درتهذیب اخلاق خداوند زادگان ، انبتهم الله نباتا حسنا اجتهاد از آن بیش کردن که در حق عوام.

چوپ تررا چنانکه خواهی پیچ

نشود خشک جز به آتش راست.

Таржимаси:

Бир фозил киши шаҳзодалардан бирига дарс берар эди. Уни қаттиқ урар, тенгсиз уқубатларга соларди. Бир сафар тоқати қолмаган ўгил отасининг ёнига шикоят қилиб борди ва зада бўлган танасидан кийимини кўтарди, Отасининг қалби озор чекди ва устоздан: «Оддий халқнинг фарзандига дакки бермайсан, койимайсан, лекин нима учун менинг фарзандимга бундай муомала қиляпсан?» –деб сўради. Устоз: «Ҳамма айтиладиган гапни айтиши, қилинадиган ишни қилиши лозим. Бу, айниқса, подшоҳ ва шаҳзодаларга катта эътиборга молик ишдир. Чунки уларнинг сўзлари ва ишларини ҳамма одам айтиб юради. Аммо оддий халқнинг сўз ва амалига эътибор беришмайди.

Агар дарвеш юз хато қилса,

Дўстлар юздан бирин ҳам билмас.

Агар шоҳдан хато иш ўтса,

Тўрт иқлимга етмасдан қолмас.

Шундай экан, шаҳзодаларга дарс бераётган устозлар авомга дарс бергандан кўра эътиборлироқ бўлишлари вожиб ҳисобланади.

Ҳўл новда хоҳлаҳанингдек букилар,

Қуруқ таёқ фақат оловга ярар.

Инсон, албатта, жамиятда яшайди. Шу жамиятда яшовчи ҳар бир инсон бошқалар томонидан кузатилади, ўрганилади, лойиқ кўрилса, ўрнак олинади. Инсон жамиятда қанча баланд мавқега эга бўлса, унга бўлган эътибор шунча юқори бўлади. Подшоҳлар, вазирлар каби шахсларга эса бутун халқ катта аҳамият билан қарашади. Демак, улар ҳар бир ишларини обдон ўйлаб, етти ўлчаб, бир кесиб, кейингина амалга оширишлари лозим. Агар улар яхши иш қилишса, барча уларни мақтаб, ўрнак олади; хатога йўл қўйишса, бу иш барчага етиб боради ва салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундай экан, ҳамма, айниқса, юқори мавқедаги кишилар ўз амалларига ниҳоятда эътибор билан қараши лозим. Токи халқ ва жамият ҳаёти кундан кунга равнақ топиб, ҳаётимиз фаровон бўлсин.

Собиқ шўролар даврида диний таълим деярли йўқ қилинди. Диний йўналишдаги адабиётлар ҳам ҳар хил йўллар билан йўқотилди. Чунки агар инсонлар ҳақиқий илмли бўлишса, мустамлакачиларга қарши оёққа турар ва ўз юрти ҳимояси учун бутун борлиғи билан ҳаракат қилиб, юрти мустақиллиги учун курашар эди. Шунинг учун юртимизнинг жонкуяр олимлари, жадидчи ва бошқа халқпарвар ҳар қандай кишиларга «Халқ душмани» тамғаси босилиб, қатағон қилинди ёки қатл этилди. Натижада асл инсоний тарбия деярли таназзулга учрай деб қолган эди. Лекин мустақиллик шарофати билан ўз миллий тилимиз, урф-одатларимиз қаторида диний таълим даргоҳлари ва шунга мувофиқ таълим-тарбиямиз ҳам аста-секин ўз мавқеини тикламоқда. Ўтмишдаги ёмон кунлар яна такрорланмаслиги учун барчамиз тўғри хулосалар чиқариб, илму одоб эгаллаш йўлида ҳамжиҳат бўлиб, саъй-ҳаракат қилишимиз ва юртимиз тараққиётига қўлимиздан келганча ўз ҳиссамизни қўшишга интилишимиз шарт.

Саъдийнинг «Гулистон» асарига ўхшатма тарзида жадидчиларимиздан бўлган Абдулла Авлоний «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» асарини ёзган. Бу адиб мазкур асарида:” Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир», - деган машҳур фикрини келтирган.

Дарҳақиқат, қаерда тарбия яхши йўлга қўйилса, ўша ерда илму маърифат, ахлоқу одоб яхши бўлади. Агар бутун халқимиз «Гулистон» каби асарларнинг мазмуни ва моҳияти билан танишса ҳамда унда келтирилган намуналардан етарлича ибрат олиб, ҳаётга татбиқ қилса, халқ ҳаёти фаровон, мамлакат эса обод бўлади. Бу йўлда жамиятнинг ҳар бир вакили ўз қўлидан келадиган ишни астойидил адо этади, яқин келажакда юртимиз тез суръатларда ривожланади ва дунёдаги энг намунали давлатлардан бирига айланади. Дунёга Амир Темур ва Навоий, Бухорий ва Хоразмий, Беруний ва Фаробий, Абу Али ибн Сино ва Замахшарий каби бутун дунёга манфаати етган кўплаб олимларни етиштириб берган халқимиз яна аввалги мавқеини тиклайди ҳамда бундан кейин ҳам шундай олимларни тарбиялайди. Президентимиз айтганларидек учинчи ренессансга муносиб қадам қўйилади.

Бердиев Орифжон

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Фойдаланилган адабиётлар:

1.Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий. «Гулистон», 1376-ҳ, қ.

2.Шайх Абдулазиз Мансур.»Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири». Тошкент. «Мунир» нашриёти, 2021 й.

3.Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас Сижистоний. «Сунани Абу Довуд». Дамашқ: «Дору рисола ал-оламия», 2009 й.

4.Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад. Қоҳира: «Дор-ул ҳадис», 1995 й.


[1]. Шайх Абдулазиз Мансур.»Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири». Тошкент. «Мунир» нашриёти, 2021 й. ЪИсрў сураси 70-оят, 289-бет.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур.»Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири». Тошкент. «Мунир» нашриёти, 2021 й. «Алақʼ сураси 4-оят, 597-бет.

[3] . Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас Сижистоний. ЪСунани Абу Довудʼ. Дамашқ: «Дору рисола ал-оламия», 2009-й . 5-жилд, 485-бет.

[4] شیخ مصلح الدین سعدی شیرازی. تهران 1376 سهیفه 448

[5]Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад . Қоҳира: «Дор-ул ҳадис», 1995 й. 18-жуз, 606-бет.

[6]184 شیخ مصلح الدین سعدی شیرازی. تهران 1376 سهیفه
. .