ЯЪҚУБ ЧАРХИЙНИНГ «АСМАЪ - УЛ ҲУСНАНИНГ ШАРҲИ» АСАРИНИНГ ИНСОННИНГ МАЪРИФАТЛИ БЎЛИШИГА ТАЪСИРИ
Muallif: . .
Sana: 08.07.2023
239

Бутун борлиқни йўқдан бор қилган, одамни мавжудотлар ичида мукаррам қилиб яратган[1], унга қалам билан илм ўргатган[2] Аллоҳ Таолога ҳамду санолар; асосий қабул бўлажак дуосини умматларини Қиёматда шафоат қилиш учун сақлаб қўйган пайғамбаримиз (с.а.в.) ва у зотнинг оила аъзоларига салавоту саломлар бўлсин.

Яъқуби Чархий ибн Усмон ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Ғазнавий 1363 йилда Афғонистоннинг Чарх деган жойида туғилган. Мана шу Чарх қишлоғида туғилганлиги учун Чархий тахаллусини олган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, у ўз давридаги илмларни эгаллагач, кўнглида тасаввуфга нисбатан хоҳиш пайдо бўлиб, Бухорога келади ва Хожа Баҳовуддин Нақшбанд билан учрашади. Бу воқеаларнинг тафсилоти унинг «Рисолаи унция» («Дўстлик ҳақида рисола») номли китобида баён қилинган.

Бир неча синовлардан сўнг, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд Чархийни шогирдликка қабул қилиб, сўфийлик таълимоти билан таништиради. Бухорода Яъқуб Чархий тасаввуф соҳасида тез орада маънавий камолот топади. У Нақшбанд кўрсатмасига мувофиқ халқни Ҳақ йўлига даъват қила бошлайди.

Чархий ХВ асрда Темурийлар давридаги тасаввуф, хусусан, Нақшбандия таълимотининг йирик вакилларидан бири сифатида ном қозонади. Бу ҳақда турли манбаларда маълумотлар келтирилади. Машҳур Абдураҳмон Жомий ўзининг «Нафаҳот ул-унс» китобида Яъқуб Чархий фаолиятини ва тасаввуфни тарғиб қилиш соҳасидаги хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтади. Чархий 1447 йил 1 май, ҳижрий 851 йил сафар ойининг бешинчисида вафот этганлар. Қабрлари Душанбедан беш километр йироқда Рудакий ноҳиясида бўлиб, Ҳазрат Мавлоно номи билан машҳур обод зиёрагоҳдир.

Ҳозирги кунгача Яъқуб Чархийнинг қуйидаги асарлари сақланган:

1. «Тафсири Яъқуби Чархий». 2. «Найнома» ёки «Рисолайи Ноия». 3. «Рисолайи Абдолия». 4. «Рисолайи Унция». 5. «Рисолайи шарҳи асма-ул-ҳусна». 6. «Рисолайи Ҳаввроия» ёки «Рисолайи Жамолия». 7. «Китоб-ул-фароиз». 8. «Тарихи хатми аҳзоб».

9. «Рисолайи қудсия». 10. «Рисола дар сийрати Муставафия ва тариқайи мустақимия».

11. «Рисола дар ақоид». 12. «Мухтасар дар баёни силсилайи Нақшбандия».

Асарларидан кўриниб турганидек, Яъқуб Чархий жуда кўп йўналишларда китоблар ёзган. «Асма-ул- ҳуснанинг шарҳи» асари Аллоҳ Таолонинг гўзал исмларига ёзилган шарҳ бўлиб ҳисобланади. Аллоҳ Қуръони Каримда: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг»[3] деб марҳамат қилган. Пайғамбар (с.а.в.): «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уни ёд олса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради»[4], - дедилар. Яъқуб Чархий мана шу гўзал исмларни жуда зўр маҳорат билан таржима қилиб, изоҳлаб берганлар.

Асарда Аллоҳнинг 99 исмининг маъноси ва уларнинг изоҳлари ёритилган. Мўминликнинг аввали иймон келтириш бўлса, иймоннинг аввали Аллоҳни танишдир. Бизга Аллоҳни танитадиган энг осон ва яқийн амал бу Роббимизнинг исм ҳамда сифатларини ўрганишдир. Бунда Яъқуб Чархий каби олимларимизнинг асарлари бизга кўмакдош бўла олади. Инсон бу исм ва сифатларни ўрганиб боргани сайин иймони мустаҳкамлана боради. «Асма-ул- ҳуснанинг шарҳи» асарида Аллоҳ Таолонинг гўзал исмларининг айримлари озроқ изоҳланган бўлса, айримлари кенгроқ изоҳланган. Ҳатто Аллоҳнинг баъзи исмларидан оддий киши қандай манфаатланиши, ориф[5] киши қандай манфаатланишига ҳам алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилган.

«Ар-Роҳман». У дўстга ҳам, душманга ҳам, авомга ҳам, хосга ҳам жуда кўп неъмат инъом қиладиган, карами кенг бўлган зотдир. Кимки ҳар намоздан кейин 100 марта айтса, унинг қалбидан ғафлат, қаттиқлик ва унутувчанлик йўқолади. «Ар-Роҳим». У мўминларга иймон ва абадий жаннатни инъом қилувчи ниҳоятда раҳмли ва неъмат берувчидир. Кимки ҳар куни 100 марта айтса, меҳрибон ва мушфиқ бўлади. Орифнинг насибаси шуки, бу икки исм (зикри)дан бутун жисми ва қалби билан Унга (Аллоҳга) юзланади. Қалбини зикр билан, жисмини ибодат билан машғул қилади ва Унинг бандаларига раҳм қилади. Мазлумни золимдан ва золимни мазлумдан тўсиб, яъни ажратиб қўяди. Гуноҳкор ва (Аллоҳдан) узоқлашганларга шафқат қилсин ва уларни ваъз-насиҳат билан тўғри йўлга чақирсин. Уларнинг ранжу азиятларига бардош қилсин ва муҳтожларнинг эҳтиёжини қондирсин. Мана шу ерда ҳам авом бу исмларни ўқиса, меҳрибон ва мушфиқ бўлади. Ориф бўлган шахс бу икки исмни зикр қилса, бутун жисми ва қалби билан Аллоҳга юзланади. Қалбини зикр билан, жисмини ибодат билан машғул қилади ва Унинг бандаларига раҳм қилади. Мазлумни золимдан ва золимни мазлумдан тўсиб, яъни ажратиб қўяди, дейилган. Яъни бунда оддий мўмин билан орифнинг зикри ҳамда бу зикрларнинг натижалари орасидаги тафовут ҳам кўрсатиб бериляпти. Авом бу исмларни ўқиса, меҳрибон ва мушфиқ бўлади; ориф зикр қилса, бутун вужудида ўзгариш бўлади. Қалби раҳму шафқатга тўлиб, золимнинг қўлидаги биродарини ҳам қутқариб олади. Бу билан золимга ҳам яхшилик қилган бўлади. Чунки бу мазлумни қутқаргани учун золим ўз зулмидан, яъни гуноҳ қилишдан тўхтайди. Агар жамиятдаги ҳар бир инсон мана шу даражага кўтарилса, бу жамият дунёдаги энг яхши жамиятга айланади.

«Ал-Басир» – кўрувчи, лекин Унинг кўриши ҳеч бир киши ёхуд жонзотнинг кўз билан кўришига ўхшамайди. Чунки ҳеч бир зот ҳеч бир жиҳатдан Аллоҳ Таолога ўхшамайди. Бу исм Зотнинг сифатидандир. Бу шундай исмки, набийлар (алайҳимус-саломи ажмаъин) шу исмнинг баракотидан меърож топганлар, валийлар шунинг азаматидан Аллоҳга яқин бўлдилар. Кимки тўғри эътиқод билан Жумъанинг суннати ва фарзи орасида юз марта «Ал-Басир» деса, махсус илоҳий иноят назарига тушади ва сирларга маҳрам бўлади. Орифнинг насибаси ўз аҳволи, афъоли (хатти- ҳаракатлари) ва сўзларига диққатли бўлиш ва мухолифатнинг (қарши бўлишнинг) олдини олсин.

Яъни кимки Аллоҳнинг ушбу сифати маъносини яхши англаса, Робб Таоло уни доим кўриб турганини ҳис қилса, тез орада ўзини ўнглаб олади ва гуноҳлардан ўзини тияди. Банда ўзини пок тутгани сайин Аллоҳнинг раҳмати, инояти ва муҳаббати унга яқин бўлаверади. Шунда банда ҳақиқий фароғатни ҳис қилади ва Аллоҳга бўлган рағбати ҳамда муҳаббати ошади. Қайси бир жамиятда, юртда бутун халқ Аллоҳнинг доимий кузатувида эканлигини ва ҳеч бир гуноҳ унинг эътиборидан қолмаслигини, аксинча одамнинг ўзи ҳам сезмаган гуноҳларини ҳам кузатиб туриши ҳамда Қиёмат куни савол-жавобга дуч келишини ҳис қилиб яшаса, ушбу жамият энг тотув ва намунали жамият бўлади. Бундай юрт эса ҳар қандай соҳада дунёдаги етакчи давлатга айланади. Бунга тарихдан мисол келтирамиз. Бор-йўги икки ярим йил халифалик қилган Умар ибн Абдулазиз даврида бутун бошли халифаликда закот[6] оладиган одам қолмаган. Яъни бойлиги нисоб[7] даражасига етмаган киши қолмаган. Шунда бойлар ўз закотини қўшни давлатдаги кишиларга чиқариб беришган.

Ал - Қовийй. Ҳар бир ишга қодир, қуввақтли бўлган илоҳ. Ал -Матин. Ўхшаши йўқ мустаҳкам. Ҳар иккала исм зотнинг сифатларидандир. Орифнинг насибаси шуки, ўзини ожиз, заиф, ҳолсиз деб билсин ҳамда қувват ва қудратни Ундан қидирсин. Ал - Қодир. Барча ишни қила оладиган зот. Ал - Муқтадир. Ҳамма нарсалар устида яхшилик билан амал қилувчи. Орифнинг насибаси шуки, батаҳқиқ Ундан бошқада қодирлик мавжуд эмас. Ўзини ва Аллоҳдан бошқа барчани У (Аллоҳ) нинг қудрати асири деб билсин. Демак, юқоридаги тўрт исмнинг маъноларидан кўриниб турганидек бутун куч-қувват, мутлоқ қудрат ва қодирлик Аллоҳ Таолодагина бор. Одатда, киши ўзини бошқалардан қайсидир бир жиҳатдан сал ортиқроқ эканлигини кўрса, бошқаларга зулм қилишни бошлайди. Аслида шу ортиқчаликни ҳам Аллоҳ беради. Лекин ношуд инсон бу неъматни тан олиш ўрнига бошқаларга жабр қилади, ҳеч бўлмаса, нописанд муносабатда бўлади. Зулм ва кибр гуноҳи кабиралардан бўлиб ҳисобланади. Пайғамбар(с.а.в.): «Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган одам жаннатга кирмайди», - дедилар. Шундай экан, барчамиз ўз ҳолимизни билишимиз, бандалигимизни тан олишимиз ва ҳеч қачон гердайиш кўчасига қадам қўймаслигимиз керак.

Ал - Аввал. Борлигининг бошланиши бўлмаган ва ҳамиша бор бўлган зот. Ал - Охир. Ҳамиша бор бўлувчи ва ниҳояси бўлмаган зот. Орифнинг насибаси шуки, ҳамма нарсанинг боқий ва фонийлигини У билан кўрсин. Вужуд Ундандир ва барча яна Унга қайтади. Аллоҳ шундай зотки, унинг бошланиши ва ниҳояси йўқ. Балки у ҳамиша бор бўлган ва боқий қоладиган зотдир. Аммо қолган барча борлиқ Унинг изни билан маълум бир пайтда пайдо бўлди ва бир кун келиб ўз ниҳоясига етади. Жумладан, инсон ҳам ўткинчидир.

Аз - Зоҳир. Осмон ва Ердаги далиллар билан ошкор бўлган зот. Ал - Ботин. Ўз зотида пинҳон бўлган зотки, Унинг ҳақиқатини ақл ва тахмин билан топиб бўлмайди. Орифнинг насибаси шуки, оламнинг барча зарраларида Унинг борлигининг далилларини кўрсин ва жами махлуқотнинг бор бўлиши У билан эканлигини билсин. Агар банда соф иймон билан оламга назар солса, оламда Аллоҳнинг борлигига чексиз далиллар борлигини кўра олади. Астрономларн аниқлаган галактикалар юз миллионлаб бўлиб, уларнинг бир меъёрда ҳаракатланиши, шубҳасиз, чексиз илм ва қудрат соҳиби томонидан бошқарилаётганига етарли мисол бўла олади. Ёхуд биргина одамнинг кўз қорачиғидек кичкина бир аъзосида қирқта парда борлиги ҳам бунга ёрқин далилдир. Бундай аломату белгилар сон-саноқсиз.

Чархийнинг «Асма-ул- ҳуснанинг шарҳи» асари қимматли манба бўлиб ҳисобланади. Биз бу асар орқали бутун мавжудотни, хусусан, бизу сизни йўқдан бор қилган Холиқимизни таниб оламиз. Бу эса иймоннинг аслидир. Биз инсонликни даъво қилар эканмиз, албатта, иймон соҳиби бўлишимиз шарт. Аллоҳ Қуръонида: “… Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир.»[8]

Аллоҳ барчамизга Ўзини танишдек бахтни насиб қилсин. Юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин; ўқиш ва изланишдан ҳеч ҳам тоймайлик.


Бердиев Орифжон

«Мир Араб олий мадрасаси» ўқитувчиси


[1] Шайх Абдулазиз Мансур.»Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири». Тошкент. «Мунир» нашриёти, 2021 й. «Исро» сураси 70-оят, 289-бет.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. «Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири». Тошкент. «Мунир» нашриёти, 2021 й. «Алақ» сураси 4-оят, 597-бет.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Тафсири Ҳилол». Тошкент. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2-жуз. 2008 й. «Аъроф» сураси 180-оят, 422-бет.

[4] Олтин силсила: «Саҳиҳи Муслимʼ. Тошкент.»Ҳилол-нашр».6-жуз. 2020 йил. 145-бет.

[5] Илму маърифат соҳиби.

[6] Бойларнинг бериши фарз бўлган маблағи

[7] 85 грамм олтин миқдоридаги бир йил сақланган ортиқча маблағ

[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Тафсири Ҳилол». Тошкент. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2-жуз. 2008 й. «Ҳужурот» сураси 13-оят, 766-бет.

. .