МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНЛАРАРО БАҒРИКEНГЛИК — ЮКСАЛИШ ПОЙДEВОРИ
Muallif: . .
Sana: 11.03.2023
174

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Расулимиз соллалоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин!

Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади туради. Фуқаролар манфаатларини фақатгина тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш орқали таъминлаш мумкин.

Бугун дунё коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқирозга дуч келган бир шароитда кўплаб минтақаларда миллатлараро ва конфессиялараро зиддиятлар кучаяётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис, бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун бирдамликни сақлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда аҳолининг кўп миллатли бўлишига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг қулай омили сифатида қаралмоқда. Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда.

Хусусан, мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқитиш этти тильда олиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини ўн икки тильда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тильда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида 138 та миллий маданий марказ, бундан ташқари, 16 та конфессияга тегишли 2300 га яқин диний ташкилот фаолият юритади.

Бу борада яхлит, чуқур ўйланган сиёсат ва уни амалга оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиб, миллатлараро ва динлараро тотувликни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда. Бу ислоҳот ва ўзгаришларнинг негизида конституцион ҳуқуқ ва кафолатлар ётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар белгиланган. Бунда, энг аввало, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш алоҳида эътиборга олинган. Мазкур соҳада Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий тамойиллари сирасига фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, миллат ва элатларнинг маданий, тил ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатларини ўзаро ҳурмат қилиш киради. Конституциявий кафолатлар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фуқароларга жамоат ва давлат қурилишида иштирок этишни таъминлайди.

Муҳаммадов Мустафо

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .