ИХТИЛОФЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК!
Muallif: . .
Sana: 11.03.2023
168

Аллоҳ таоло «Анфол» сурасининг 46-оятида ихтилоф, ўзаро тортишувнинг зарарларини баён қилади.

«Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир».

Демак, заифлашиш ва куч-қувватнинг кетишига асосий сабаб ўзаро тортишиш, ихтилофларга берилиш ва бундан келиб чиқадиган парокандалик экан.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир кишининг бир оятни ўқиганини эшитдим, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундан бошқача ўқиганларини эшитган эдим. Шунда уни Набий соллаллоҳи алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келиб, У зотга бор гапни айтдим. У зотнинг юзларидан ёқтирмаганларини пайқадим. Шунда У зот: «Иккингиз ҳам тўғри қилгансиз. Ихтилоф қилманглар, чунки сизлардан аввалгилар ихтилоф қилишди ва ҳалок бўлишди», дедилар».

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги кунда баъзи ҳукмлар борасида ихтилофга тушиб қолинса, араб тилини билмайдиган, диний маълумоти бўлмаганлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари каби уламоларнинг китобларига мурожаат қилиши мумкин. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари халқимиз орасида тушунмовчиликка сабаб бўлган масалаларни жамлаб, «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар» номли алоҳида китоб ҳам таълиф этганлар. Шунингдек, диний идора қошида фатво маркази мавжуд бўлиб, ўша жойга хоҳ интернет орқали, хоҳ телефон орқали саволларимизни бериб, ўша заҳоти уламолардан батафсил ва илмий асосланган жавобларни олишимиз ва орамиздаги ихтилофларни бартараф этишимиз мумкин.

АКРАМОВ АБДУВОҲИД
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .