АҚИДАДА АДАШМАЙЛИК!
Muallif: . .
Sana: 10.03.2023
433

«Ақида» сўзининг ўзаги луғатда «ақд» яъни «тугиш», «боғлаш», «маҳкамлаш» маъноларини англатади. «Ақида» сўзининг шаръий атамаси эса «бирор нарсага шак-шубҳасиз даражада қатъий ишониш»га айтилади. Демак, ақида қалбда содир бўладиган жараён бўлиб, у инсон қалбидан ишонган, ўзи учун эътиқод қилиб олган нарсаларга айтилади. Агар ўша қатъий ишонган нарсаси тўғри бўлса, у тўғри ақида ҳисобланади. Агар нотўғри бўлса, ботил ақида саналади. Худди Аҳли сунна вал жамоа ақидаси – тўғри ақида ва адашган фирқалар ақидаси эса – ботил ақида деганга ўхшаб.

Ақида илми охиратда нажот топишда аҳамиятли эканлиги сабабли ҳар бир киши ўрганиши вожиб бўлган илмдир. Кимнинг ақидаси тўғри бўлса, имони тўғри бўлади ва охиратда омонда бўлади. Кимни ақидаси тўғри бўлмаса, бунинг акси бўлади.

Ақида илми инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида:

Аввало уларни Аллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Аллоҳни бир деб билишса, Аллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар.

Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар. Ақида илми энг шарафли илм ҳисобланади. Зеро ақида илми орқали энг аҳамиятли ва энг улуғ маълумотларга эга бўлинади. Демак, маълумотларнинг зарурати ва шарофатлилигига қараб, илмнинг шарафли эканлиги маълум бўлади. Қуръони каримнинг Муҳаммад сурасида шундай марҳамат қилади: «Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур» (19-оят).

Уламоларимиз мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: «Ушбу оятда Аллоҳ таолони ёллғиз эканини билишга бўлган буйруқ истиғфор айтишга бўлган буйруқдан олдин келтирилмоқда». Бу эса Аллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш, яъни тўғри эътиқодни шакллантириш қанчалар аҳамиятли эканига ишорадир. Шу сабабдан ҳам Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: «Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик», –деганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир», – деганлар. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!

Маҳмудхон Мамадалиев

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .