
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни тақиқлаган эдилар. Чунки унда баъзи жоҳилия даврининг одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар.
Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ، أَلا فَزُورُوهَا،، فَإِنَّهُ يَرِقُّ الْقَلْبَ، وَتَدْمَعُ الْعَيْنَ، وَتُذَكِّرُ الآخِرَةَ، وَلا تَقُولُوا هَجْرً
яъни: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради ва охиратни эслатади. Лекин фаҳш-ёмон сўзларни сўзламанглар” (Имом Ҳоким ривоят қилганлар).
Мана шу ва бошқа ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, уламоларимиз қабр зиёрати эркакларга ихтилофсиз савобли иш эканини айтганлар. Аёлларнинг қабр зиёратига аксар уламолар шартлар билан рухсат берганлар.
Қабр зиёратининг бир қанча одоблари борки, уларга амал қилиш билан бу савобли иш мукаммал бўлади:
Ниятни тўғрилаш. Зиёратга борган киши аввало Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиб, охиратни ёдга олиш ва қабристон аҳлининг ҳаққига дуо қилишни ният қилади.
Қабристонга иложи борича таҳоратли кириш.
Қабристонни дабдаба қилмасдан хокисорлик билан зиёрат қилиш.Аёллар ҳам ҳаё билан авратларини беркитиб юришлари динимиз талабидир.
Қабристонга кирганда дуо қилиш. Суннатда келган дуо:
السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لَاحِقُونَ نَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمْ الْعَافِيَةَ
яъни: “Ассалому алайкум, эй, мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” (Имом Ибн Можа ривоятлари). Бу дуонинг бошқача кўринишлари ҳам бор, уларни ҳам ўқиш мумкин.
Қабр зиёратида Қуръон тиловат қилиш. Зиёратга борганда қайси сура ёки ояларни ўқиш қатъий белгилаб қўйилмаган. Қуръоннинг хоҳлаган жойидан хоҳлаган миқдорда ўқиш жоиз. Лекин уламоларимиз Бақара сурасининг аввали ва охиридан, “Оятал курсий” ояти, “Мулк”, “Ясин”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нас” сураларидан имкон борича ўқишни тавсия қиладилар. Тиловатнинг савобини дуо қилиб яқинларига ва қабристон аҳлига бағишлайди.
Қабр устидаги ўсиб турган майса ва ўсимликларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан ўтганларга манфаат бор. Қуриган ўсимликларни эса олиб ташлаш мумкин.
Қабристонга хоҳлаган кунда бориш жоиз. Айни бир кунни тайин қилиб олинмайди.
Қабристон ёнидан ўтганда қабр аҳлларига салом бериб ўтиш суннатдир. Уловдаги киши тўхтай олмаса ҳам, салом бериб кетаверади.
Қабрларни босмаслик ва улар устига ўтирмаслик керак. Чунки ҳадиси шарифларда бу ишлар чўғни устида юриш ва чўғ устида ўтириш кабидир, деб таърифланади. Динимизда вафот этган кишининг ҳурмати ҳам худди тирикники кабидир, шуни доим ёдимизда сақлашимиз керак.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ва азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилганда зиёрат одобларига риоя қилиш зарур. Зиёрат учун бориладиган қабрларнинг энг улуғи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабрларидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, деганлар (Имом Табароний Ибн Умардан ривоят қилганлар).
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, динимизда жоиз бўлган ишларни, жумладан қабр зиёратини ҳам суннатга ва уламоларимизнинг тавсияларига мувофиқ бажарсак, кўзланган савоб ва мақсадлар ҳосил бўлади. Аксинча бидъат-хурофотларнинг изидан кетиб, нафақат динимизда буюрилмаган, балки ман қилинган ишларни қилишда давом этилса, дунё ва охиратда исроф, қийинчилик ва азобга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин, турли бидъат хурофотларга эргашишдан асрасин!
Қосимов Убайдуллоҳ
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Eng ko'p o'qilgan Talaba minbari
