ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯДА МУҲИМ МАСАЛАЛАР ҲАҚИДА СЎЗ ЮРИТИЛДИ
Muallif: . .
Sana: 26.12.2022
184

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Марокаш подшоҳлигининг Работ шаҳрида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ИCEСCО)нинг халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам иштирок этмоқда.

Маслаҳат учрашувининг иккинчи кунида аъзо мамлакатлар вакиллари бўлган иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, таълимни ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, муҳокамалар олий таълимдан олдинги босқич ва олий таълим босқичларини ривожлантириш хусусида бўлди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан республикамизнинг бу борадаги тажрибаси акс этган тақдимот ўтказилди. Унда умуммтаълим мактабларида илм-фаннинг турли соҳаларига оид чуқурлаштирилган таълим берувчи Президент мактабларини таъсис этишда Ўзбекистон тажрибаси, ҳар бир мамлакатда уларнинг турли минтақаларида аниқ фанларга жумладан кимё, биология, физика, ахборот технологияларига ихтисослашган мактабларни ташкил этиш (Ўзбекистон тажрибаси) ҳақида таклифлар берилди. Шунингдек, жамиятда хотин-қизларни фаоллигини ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида уларнинг олий маълумотга эга бўлишлари учун турли давлат грантларини жорий этиш борасида сўз юритилди. Бу борада юртимиздаги магистратура босқичидаги талаба қизларнинг контракт суммаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қоплаб берилиши тажрибаси йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Таъкидлаш жоизки, берилган таклифлар иштирокчи ва ташкилотчилар томонидан юқори қизиқиш ва эътироф билан қабул қилинди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Манба muslim.uz

. .