УЛАМОЛАРИМИЗ ЖАНУБИЙ КОРЕЯНИНГ ЧЕОНГЖУ ИСЛОМ МАРКАЗИГА ТАШРИФ БУЮРИШДИ
Muallif: . .
Sana: 18.12.2022
184

Жорий йилнинг 14 декабрь куни устозларимиз Муҳаммад Айюб домла Косоний ва Исмоил домла Муҳаммад Содиқ ҳамда Айман Ҳасаний Жанубий Кореянинг Чеонгжу Ислом Марказига ташриф буюришди. У ерда устозларимиз ватандошларимиз билан учрашиб, илмий-маърифий суҳбат қилиб беришди.

Маросим Қуръони Карим тиловати билан бошланди.
Сўнгра Исмоил домла Муҳаммад Содиқ илм ва ният ҳақида маъруза қилиб бердилар. Устоз суҳбатлари давомида мавзуга оид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан мисоллар келтириб, шарҳлаб бердилар.
Исмоил домла: «Инсон ҳар бир нарсада вақтни тўғри тақсимлаши, ниятни холис қилиши керак» дея таъкидлаб ўтдилар.

Кейин устоз Муҳаммад Айюб домла ният, садақа, фаросат, мантиқ каби мавзуларда суҳбат қилиб бердилар. Муҳаммад Айюб домла суҳбатлари жараёнида ватандошларимизга: «Ниятни тўғри қилсак, бу ерда истиқомат қиладиган муддатгача ҳар бир ҳаракатимиз, оғзимиздан чиқадиган яхши сўзимиз, ҳатто кечаси ухлаганимиз ҳам садақа ҳисобланади. Шунда барчамиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида буюк ажрга, мукофотга эришамиз», дедилар.

Учрашув давомида савол-жавоблар бўлиб ўтди, диндошларимиз устозларимизнинг панд-насиҳатларидан, тавсияларидан баҳраманд бўлишди.

Маросимда ватандошларимиз учун ажойиб хушхабар ҳам айтиб ўтилди. Хушхабарга кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея элчихонаси ҳамкорлигида ватандошларимиз учун муҳим бўлган диний адабиётга оид китоблар етказиб беришлиги маълум қилинди.
Суҳбат якунида уламоларимиз жамоат аҳли ҳақига дуолар қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло бўлиб ўтган илмий суҳбатларни бардавом айлаб, устозларимизни ҳифзу ҳимоясида асрасин, бўлаётган суҳбатларни барчамизга манфаатли қилсин.

Манба islom.uz
. .