ҚУРЪОНГА ОИД ФАТВОЛАР
Muallif: . .
Sana: 05.11.2022
386

- Қуръон тиловат қилишда мусҳафни ушлаб ўқиса, таҳоратли бўлмоқ шарт. Балоғат ёшига етмаганлар учун таҳорат шарт эмас.

- Ўтириб ўқиш афзал ва кўкракдан юқори ушлаш керак.

- Ўттиз порани тафаккурсиз, бепарво ўқимоқдан, бир оятни тафаккур билан ўқимоқ афзалдир.

- Ғамгин ҳолда ўқимоқ лозимдир.

- Тажвид билан ўқимоқ вожибдир.

- Тиловатдан сўнг дуо мустажобдир.

- Қуръонни оғзаки ўқишда бетаҳорат бўлмоқ ва юриб кетаётиб тиловат қилмок жоиз, лекин юқорида айтилгандай ўтириб ўқиш афзал.

- Жунуб кишига ушлаш ҳам, қироат ҳам мутлақо жоиз эмас.

- Мусҳаф устига бирор нарса қўйиш жоиз эмас.

- Таҳоратсиз одам Қуръонни ушламай ўқиши мумкин.

- Қуръонни бутун ёд олиш фарзи кифоя, "Фил" сурасигача ёд олиш қироат учун бўлган заруратни қондиришга етгани учун шартдир.

- Фиқҳий китоб ўқиётган ёки ёзаётган ва намоз ўқиётган одамга эшиттириб Қуръон ўқиш макруҳдир.

- Қабристонда қуръон ўқиш имоми Аъзам наздида макруҳдир, шогирди имом Муҳаммад наздида эса жоиздир ва фатво ҳам шунгадир.

- Кофир ва мушрикларга Қуръон ва фиқҳдан таълим бериш жоиз, чунки Расулуллоҳ уларга қуръон ўқиб, уларни даъват қилар эдилар. Қуръондан таълим бериш учун хақ олиш жоиз. Агар муҳтож бўлса.

- Юриб кетаëтиб паст овоз билан қироат қилиш мумкин.

- Иш қилаётиб ўқиса қироатдан янглишмаса, жоиз.

- Қироат пайтида ота-онаси, устози ёки олим киши кириб қолса, ўрнидан туриш жоиз.

- Қуръонни ўпиб, юзига суриш жоиз.

- Қуръон жуда эскириб фойдаланишга ярамай қолса, латтага ўраб кўмиб қўйиш жоиз ёки ёндириб юборса ҳам жоиз. Усмон розияллоҳу анҳу шундай қилган.

- Ерга солинган нарсаларга оят ёзиб қўйиш жоиз эмас. Қори киши одоб-аҳлоқда ўзгалардан ажраб турмоғи лозим.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Қуръон шафоат қилувчидир. Ким уни ўзига имом қилиб олса, Қуръон уни жаннатга бошлайди, ким уни орқасига ташлаб қўйса, у кишини орқасидан дўзахга ҳайдайди" дедилар.

Ёрқинжон қори ФОЗИЛОВ,

"Жаннат соғинчи" китобидан.

Манба @mehrob_uz

. .