АЛЛОҲ БИРОР МАКОНДА БЎЛИШДАН ПОКДИР
Muallif: . .
Sana: 16.01.2024
119

Қуръони каримда истиво ҳақида келган оятлар лафзи ҳақида жуда кўп тортишувлар, тушунмовчиликлар мавжуд. Баъзи адашган фирқалар мазкур оятни далил қилиб, Аллоҳ таолога макон нисбатини бериб,“Аллоҳ таоло осмонда”, деб эътиқод қилишади. Aҳли сунна вал жамоа уламоларибу фирқаларнинг келтирган далиллари ботил эканлигини батафсил баён қилишган. Қуйида уламоларнинг қарашларини келтирамиз.

و لا يتمكن في مكان

У зот бирор бир маконда ўрин олмайди [1]

Карромий ва мушаббиҳалар: “Аллоҳ таоло аршдан қарор топган, ўрнашган ва аршдан макон олган, аршга тегиб туради”-дейишган. Тахтга ўтирган подшоҳ тахтга тегиб турганидек Аллоҳ таоло ҳам аршга тегиб туради дейишади. Уларнинг бу қарашлари Аллоҳ таолони жисмдир ва У зотнинг маълум бир сурати бор деб эътиқод қилганлиги учун шундай фикрга келишган..

Карромийларнинг яна бошқа бир тоифаси Аллоҳ таоло аршни тепасида, лекин аршдан макон олган эмас, аршга тегиб ҳам турган эмас, аршнинг тарафи бор холос у ҳам бўлса тепа тарафдир дейишган.

Бу фирқалар ўз гапларига далил қилиб:

الرَّحْمَٰنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَىٰ

У–Роҳман Аршни эгаллади[2]

Оятидаги “истиво” сўзини “ўрнашди” ва “макон олди” маъносидаги зоҳирий маъноларини олишади.

Уларнинг бу қарашларига аҳли сунна вал жамоанинг бир неча раддиялари бор.

Биринчидан: Аҳли сунна вал жамоанинг наздида Аллоҳ таолонинг қадимлиги собитдир. Оламнинг ҳодислиги (янги пайдо бўлганлиги) эса ҳам ақлий, ҳам нақлий далиллар билан собит бўлган. Арш эса, мана шу оламнинг бир бўлагидир. Аллоҳ таоло аршдан жой оладиган, ўрнашадиган бўлса, ҳодиснинг ичига кирган бўлиб қолади. Ҳодиснинг ичига кирган нарса ҳам худди ҳодис сингари ҳодис бўлади. Аллоҳ таоло эса қадимдир.

Иккинчидан: Аллоҳ таоло аршдан олдин ҳам бор эди. Бунга ҳамма иттифоқ қилган. Агар Аллоҳ таоло аршдан ўрин оладиган бўлса, Аллоҳ таолони аршга муҳтожлиги келиб чиқади. Аллоҳ аршга муҳтож бўладиган бўлса, арш ҳам Аллоҳ таоло сингари қадим бўлиб қолади. Арш қадим бўлса қадим нарсаларнинг сони кўпайиб кетади. Бу қараш эса ботилдир. Ёки арш ҳодис бўлган дейилса, ҳодисга муҳтож нарса худди ҳодис нарсадек ҳодис бўлади ва бу амри маҳолдир. Аршнинг яратилиши Аллоҳ таолога муҳтожми? Ҳа мужтож. Агар Аллоҳни аршга муҳтож дейилсачи? Яъни, “Аллоҳ аршга ўрнашди” дейишганидек. Агар иккиси бир бирига муҳтож бўладиган бўлса давр (бирининг борлиги бирига боғлиқ яна бирининг борлиги бирига боғлиқ. Масалан: товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум?) лозим бўлади. Бу билан бир нарсанинг борлиги ўзига боғлиқ бўлиб қолади яъни: аршни борлиги Аллоҳга боғлиқ, Аллоҳни борлиги аршга боғлиқ бўлади ва бу фикр эса соғлом ақлга зиддир.

Учинчидан: Ҳақ таоло азалда Арш ва ундан бошқа нарсалар пайдо бўлишидан олдин барча маконлардан холи бўлган. Арш пайдо бўлганидан кейин Аллоҳ таоло аршдан макон оладиган бўлса, унда маконга беҳожатликдан маконга муҳтожликка ўзгариши шарт бўлиб қолади. Бир сифатдан иккинчи сифатга ўзгариш ҳодис ва мумкин нарсаларнинг сифатларидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло эса бундай сифатлардан покдир.

Тўртинчидан: Агар Аллоҳ таоло бирор макондан ўрин оладиган бўлса, унда У зот ўша маконга тенг ёки ундан кичик бўлади. Масалан: столнинг устига қўйилган нарса ё унинг ҳажмича ёки ундан кичик бўлади. Иккала фаразга кўра ҳам Аллоҳ таолода ниҳояланиш содир бўлади ва бу қараш ботилдир. Чунки ниҳояланиш бу адади ва миқдори бор нарсаларнинг хусусиятидир. Бу адад ва миқдори бор нарсалар жисми бор нарсаларни лозим тутади. Ёки макондан каттароқ дейилса, унда уни жузларга бўлиниши лозим бўлади. Чунки унинг бир бўлаги маконда ва бошқа бўлаги макондан ташқарида бўлиб қолади ва бу ишлар Аллоҳ таолога муҳолдир.

Айнан шу оятнинг ўзини ҳужжат қилиб келтиришлари қуйидагиларга кўра тўғри бўлмайди:

“Истиво” сўзи араб тилида 5 та маънони ифодалайди:

  • 1)استقر (ўрин олди) ва تمكن (жойлашди) маъносида. Мисол:
  • ...وَاسْتَوَتْ عَلَى الْجُودِيِّ...
  • “...ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди.”[3]
  • 2)Ниҳояга етиш маъносида. Мисол:
  • ثُمَّ اسْتَوَىٰ إِلَى السَّمَاءِ
  • “Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб...”[4]
  • Бу маъно уларнинг қарашларига далил бўла олмайди.
  • 3)Бир нарсанинг “тугал бўлиши”, “камолига етиш”, “мукаммал бўлиш” маъносида. Мисол:
  • وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَاسْتَوَىٰ
  • “Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида...”[5]
  • 4)“Истело” (эгаллаш), “ғалаба қозониш” маъносида.
  • Мисол: “1865 йилда Чор Россияси Тошкентни истело қилди”.
  • 5)“Мулк”, “эгалик” маъносида.
  • Мисол: “Худоёрхон тахтга ўтирди яъни эгалик қилди”.

Модомики битта лафз юқоридаги бир неча маъноларни ўз ичига оладиган бўлса, унинг битта маъносини олиб шу маънода деб ҳужжат қилиш тўғри бўлмайди. Агар далилда бошқа маънога далолат қиладиган эҳтимоллар бўладиган бўлса, у далилликка ярамайди.

“Истиво” ояти борасида Аҳли сунна вал жамоа уламолари “тафвийз” йўлини танлашган. Бу оят ҳақида Имом Аҳмад: “Сифатларнинг хабарлари қандай келган бўлса, шундайлигича бирор нарсага ўхшатмасдан ва инкор қилмасдан гапирилади. Қандай, нима учун, дейилмайди. Биз бирор васф қилувчи васф қилолмайдиган ва бирор ифодаловчи ифодалаб бера олмайдиган даражада Унинг Ўзи қандай хоҳлаган бўлса, ўша хоҳлаганидек аршга истиво қилганига иймон келтирамиз. Оят ва хабарни ўқиймиз ҳамда улардаги нарсаларга аниқ ишонамиз. Сифатларининг қандай эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзига топширамиз”[6], деганлар.

Юқоридаги келтирилган далиллардан Аҳли сунна вал жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан холи”, деб этиқод қилиш лозимлигида бўлган.

Шунга кўра, агар мазкур фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган” , ё “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсон нисбатни бериш деб қаралган. Аллоҳ таолога нуқсон нисбатини беришниэса барча уламолар куфр санашган.

Шундай экан Аллоҳ таолога нуқсон нисбатини бериб қўйишдан сақланган ҳолда эътиқод қилишни барчамизга муваффақ қилсин.

Доктор Абдул Малик Абдур Роҳман ас Саъдийнинг “Ақоидун Насафий”га ёзган шарҳларидан таржима ва қўшимча маълумотлар асосида Мир Араб олий мадрасаси 303-гуруҳ талабаси Зиннура Наимова тайёрлади.



[1] Ақоидун Насафий матнидан

[2] Тоҳа сураси 5-оят Тафсири Ҳилол, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол Нашр 2018”

[3] Ҳуд сураси 44 оят. Тафсири Ҳилол, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол Нашр 2018”

[4] Фуссилат сураси 11 оят. Тафсири Ҳилол, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол Нашр 2018”

[5] Қасос сураси 14 оят. Тафсири Ҳилол, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол Нашр 2018”

[6] Эътиқод Дурдоналари. Абдулқодир Абдур Раҳим. “Ҳилол Нашр 2022”

. .