СИЗНИ БУТУН ДУНЁ ТАНИЙДИ, ҲАБИБИМ
Muallif: . .
Sana: 05.01.2024
113

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Австралияда қадоқланадиган ушбу маҳсулот этикеткасига «Оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!», деб ёзиб қўйилган. Унинг остига «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» дейилган.

Ҳадиснинг асл матни мана бундай:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розиёллоҳу анҳунинг таҳорат олаётиб сувни меъёридан ортиқ ишлатганларини кўриб қолдилар.

- Ҳой, Саъд! Бу қандай исрофгарчилик? – дедилар.

- Эй Аллоҳнинг Расули, таҳоратда ҳам исроф бўлурми? – сўради Саъд разияллоҳу анҳу.

- Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бизнинг Динимиз ана шундай! Ҳатто шариллаб оқиб турган сув бўйида таҳорат олаётган бўлсак ҳам, «Ишлатмасам ҳам оқиб кетяпти-ку» демасдан, сувни тежаб ишлатишга буюради. Мана шу ҳолат динимизда исроф нақадар оғир гуноҳлигини кўрсатади.

Аллоҳ таоло бизни исрофдан тийилиб, тежамкор бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

Аллоҳ таоло барчамизни мағфират этсин, У Зот ҳаммамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Манба islom.uz

. .