Жиҳоддан мурод ўлдиришми?
Muallif: . .
Sana: 12.01.2021
596

Бугунги кунимизда жуда кўп шаръий атамалар, истилоҳий таърифлар қулоққа чалинмоқда. Кимдир билиб, кимдир билмай у сўзларни ишлатиб юрибди. Масалан, “ҳижрат, куфр, дорул ислом, жиҳод" каби атамалар. Тилимиздан осонгина чиқиб кетадиган ушбу сўзлар устида алломаларимиз китоб ва суннат ҳамда саҳобаларнинг асар ва хабарлари асосида том-том китоблар тасниф қилганлар. Уларнинг мазмун-моҳиятини ва шарий томонларини умматга кўрсатиб кетганлар. Келинглар, сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун қуйида улардан бири “жиҳод” сўзининг таърифи ҳақида ўрганиб чиқамиз

Араб тилида кўп учрайдиган “жиҳод” сўзи “жаҳада” феълининг ўзаги бўлиб, унинг маъноси машаққат чекиш, бирор оғирликка тоқат қилиш маъноларини англатади. Шунингдек, бу сўзнинг “мужоҳада” формаси ҳам мавжуддир. Унинг маъноси ҳам “жиҳод” сўзининг маъноси каби бўлиб, ҳар иккиси ҳам “душманга қарши курашишда бор имкониятларини ишга солиш” маъноларини ифодалайди.

Уламоларимиз “жиҳод” уч нав бўлади, дейдилар.

1. Аниқ кўриниб турган душманга қарши курашиш.

2. Шайтонга қарши курашиш.

3. Нафси ҳавосига қарши курашиш.

Ояти карималарда мазкур жиҳод турларини барчаси зикр қилинади. Жумладан: “Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақ жиҳод қилингиз. У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади”(Ҳаж, 78).

«(Эй мўминлар), хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни истасангиз-истамасангиз, жиҳодга) чиқингиз ва молу жонларингиз билан Аллоҳ йўлида курашингиз! Агар билсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир» ( Тавба, 41).

Бу оят камчилик, машғул бўлиб қолиш, ишларнинг кўпайиб кетиши каби баҳоналар билан (жиҳоддан қолиш учун) узр сўровчилар ҳақида нозил бўлган. Бас, Аллоҳ таоло уларнинг узрларини қабул қилмади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўзғалишларни хоҳлади.

Суддий: Миқдод ибн Асвад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. У катта, семиз киши эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (семизлигини) шикоят қилиб, (қолишга) изн беришини сўради. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Бу оят нозил бўлгач, одамларга оғир ботди. Шунда Аллоҳ таоло бу оятни мансуҳ қилиб, «...заифлар учун ва касаллар учун (гуноҳ) йўқдир ...» оятини нозил қилди.

“Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи Зотдир” (Анфол, 72)

Ушбу ояти карималардан ҳам “жиҳод” сўзининг қанчалар кенг маъноларда қўлланилишини тушуниб оламиз. Энди эса ушбу нозик сўзни истилоҳий маъно-мазмуни хақида фуқаҳоларимиз келтирган фикрлар билан танишамиз.

1. Ҳанафий уламолари таърифида “жиҳод” қуйидагичадир.

Ибн Обидин: “Аллоҳ йўлида бор имкониятини ишга солиб тўғридан тўғри курашиш ёки шу йўлда молиявий кўмак бериш ёки уларнинг сафини қўллаб-қувватлаш Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир”.

Камол ибни Ҳумом: “Кофирларни ҳақ динга чақириш, агар қабул қилмасалар, улар билан уришиш жиҳоддир”.

Энди ҳар икки таърифни бир оз изоҳлаймиз. Ибни Обидиннинг таърифи хос таъриф бўлиб у кофирлар билан мўминлар ўртасида ўзаро уруш жорий бўлиб турган ҳолатга тааллуқлидир. Чунки эътибор берсак, у таърифда одамларни Исломга даъват қилишдан ҳам аввал бор кучини ишга солиб, кофирларга қарши курашиш муқаддам қилинмоқда. Яъни даъват қилишдан аввал улар билан уруш қилмоқ айтилмоқда. Демак, бу ерда гап жанг майдонлари ҳақида кетяпти.

Энди иккинчи таърифда эса одамларни аниқ ҳужжат ва далиллар асосида динга даъват қилиш, уларга қарши курашишдан муқаддам қилинмоқда. Демак, ушбу иккинчи таъриф ўзаро уриш бўлмаган пайтдаги умумий вазиятни ифода қилади.

Моликийлар наздида жиҳод:

“Мусулмонларни ўзаро тинчлик сулҳи бўлмаган кофирлар билан уруш қилишлигидир. Аммо бу уруш Аллоҳнинг динини олий қилишга қаратилган бўлмоғи керак. Ёки мусулмон айни шу ният билан (кофирларни динга даъват қилиш) кофирларнинг диёрига кириши ҳам жиҳоддир”

Шофиъийлар наздида жиҳод:

Аллома Бажурий айтади: “Жиҳод бу, Аллоҳ йўлида унинг динини қойим қилиш мақсадида уришмоқ бўлиб бу кичик жиҳоддир” .

Имом Шофиъий ва бошқа барча фақиҳларимиз кофирларни даставвал Исломга даъват қилмасдан туриб уларга қарши уриш қилмоқ жоиз эмас деган фикрдалар. Чунки у кофир одам ҳали Исломни билмасдан туриб унига қандай амал қилсин! Шунинг учун ҳам уларни аввал ҳақ динга даъват қилинади. Агар исломни қабул қилмасалар, мусулмонларга жизя тўлаш эвазига мусилмонларнинг омонлик кафолатида яшаша таклифи берилади. Барча алломаларимиз аслида жиҳоддан мақсад уриш эмас балки, кофирларни Исломга даъват қилиш эканига иттифоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам кофирлар томони Ислом даъватини қабул қилмасалар уларга ўзаро уришдан кўра бошқа енгилроқ таклиф яни жизя таклиф қилинади.

Ҳанбалийлар наздида жиҳод:

Ибни Қудома айтади: “Жиҳод бу уришдир. Бу урушда бутун ҳаракатини Аллоҳ таолони дини олий бўлишига қаратишдир”.

Мазкур таърифдан ҳам аслида жиҳоддан мақсад ўзаро қирғин эмас, балки Аллоҳнинг дини равнақи йўлида ҳаракат қилиш экани тушинилади. Жиҳод ҳақидаги барча таърифларни чуқурроқ мулоҳаза қилсангиз, Исломда “жиҳод”дан мақсад аслида уруш эмас, балки у Аллоҳнинг динини инсониятга етказиш йўлидаги бир восита эканига амин бўласиз.

“Экстремистик ғояларга қарши шаръий далиллар” китобидан

Таржимон: Тоҳир Воҳид

Манба:Azon.uz

. .