Илм фазилати
Muallif: . .
Sana: 15.04.2024
58

“Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир”. Пайғамбарлик рутбасидан устунроқ ҳеч бир рутба йўқ ва бу рутбага меросхўр бўлиш олий шарафдир.

Тақводор бандаларини илм бериш билан шарафлантиришини Ўзининг Каломида айтган Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин. Умматларига илм талаб қилиш фарз эканлигини билдирган ва ўзидан илмни мерос қолдирган пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва дурудлар бўлсин. Бизларга илмни омонат ўлароқ еткизган саҳобалар ва уламолардан Аллоҳ рози бўлсин.

Уламолар илм қийматини иймон қийматидан оз эмас дейишган зеро, иймонга келиш ҳам илм талаби билан билан бўлади ва акси иймондан айрилиш ҳам илмсизлик орқали бўлади. Бежизга Аллоҳ таоло бандалари ичидан уламоларни ундан тақво қилувчилардир деб сифатламаган.

Ҳар бир киши ўз ишининг билимдони бўлиши учун ўша соҳанинг илмини эгаллаши шарт. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни иймоннинг мевасига қиёслаб шундай марҳамат қилганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

Аллоҳ таоло “Зумар” сурасининг 9-оятида айтади: “...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!..” Ушбу оят билан Аллоҳ таоло илм фазилатини олим даражасини бизларга билдирган. Илмли инсоннинг оми одамдан доим бир поғона юқори туришини таълимини берган чандики оми инсон насабда, бойликда ёки куч қувватда устун бўлса ҳам.

Расулуллоҳ соллоалоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қиладилар: Ё олим бўл, ё илм ўрганувчи, ё тингловчи, ё илмни севувчи бўл! Бешинчиси бўлма — ҳалок бўлурсан! Сайидимиз соллоалоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадислари билан аниқ қилиб илмдан узоқ унга бефарқ бўлувчиларни бу дунёда ҳам охиратда ҳам зиёнкорлардан бўлишини баён қилмоқдалар.

Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда келган қуйидаги сўзлари илмнинг фазилатли эканига очиқ далилдир:

“Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.” (Оли Имрон, 18).

Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англашга кифоя қилади.

Аллоҳ таоло яна бошқа бир оятда айтади:

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала, 11).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг”.

Аллоҳ бандаларига раҳмат қилиб Пайғамбаримиз соллоалоҳу алайҳи ва саллам орқали ўзининг Қуръони Мажидини нозил қилган бўлсада ундаги оятларда келтирилган мисоллардан илмли бўлганларгина манфаат олишини ҳам билдирган:

“Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” (Анкабут, 43)

Шунингдек, илмнинг фазилати борасида алайҳиссалоту вассалом қуйидаги ҳадисни марҳамат қилганлар:

“Олим мўмин обид мўминдан етмиш даража устундир”.

Буюк саҳобалардан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади”, деганлар.

Илм олиш аҳамияти борасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Каломида шундай марҳамат қилади:

“Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!” (Тавба, 122). Ушбу оятдан билиняптики илм олиш жиҳодга чиқишдек муҳим ишлардан ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм олиш фазилатини қуйидаги ҳадислари билан бизга баён қилганлар:

  • “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”.
  • “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир”.
  • “Малоикалар толиби илмнинг қилган ишидан мамнунлар керак бўлиб, унга қанотларини ёзадилар”.
  • “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир”.
  • “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар”.

Хулоса қилиб айтганда ушбу юқоридаги оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики илм олиш фойдаси даражаси нақадар аҳамиятли экан. Бизнинг ҳозирги кунимизда айниқса мусулмон халқларнинг ғайридинлардан дунё иқтисодиётида, ҳарбий ва бошқа соҳаларда ортда қолаётгани бизнинг асл исломий таълимотларимиздан нечоғлик узоқлашганимизни кўрсатади. Ушбу оят ва ҳадисда келган маънолардан тўғри хулоса чиқарган бошқа дин вакиллари уларга амал қилиб ҳозирги кунда биздан фаннинг барча йўналишларида ўзиб кетишди. Яна дунё халқларининг пешқадамига айланишимиз ва буюк шон-шавкатимизни қайтариш учун илмни ўзимизга лозим тутишдан бошқа йўл йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Ким Исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса, жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади”.

Аллоҳ таолодан халқимизни олим халқлардан қилишини ва ичимиздан яна буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий ва Нақшбандлар сингари олимлар чиқаришини сўраб қоламиз!

Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Нодира Шарипова

. .