ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ
Muallif: . .
Sana: 12.01.2024
108


Бисмиллахир рохманир рохийм.

Росулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга

дуруд-у саломлар бўлсин.

Инсон ҳаётда илм, касб-ҳунар ўрганишга муҳтож. Шунинг учун ҳам инсон бешикдан қабргача илм олиш, уни ҳосил қилиш ва келажак авлодга етказиб беришга буюрилган. Муқаддас ислом дини илм олишни фарз даражасига кўтарди.

Илм қоронғуликни ёритадиган нур, зиёдир. Илм олиш билан ҳаётимиз, йўлимиз ёришади. Кимки ҳаёти шамини ёқа олса ҳаёти асрлар бўйи сўнмайди. Бизнинг боболаримиз шундай бўлишган…

Одам атонинг фаришталар олдида улуғлиги илм билан бўлди. Шунингдек, авлодларининг фазилати ва улуғлиги ҳам илм биландир. Дунё ва охиратда муваффақиятга эришиш ва юксалиш, файз ва барака билан яшаш ва юксак поғоналарга кўтарилиш илм билан ҳосил бўлади. Буюклар илмни ширин мева деб билишган. Уни тоза, мусаффо ҳавога ўхшатишган. У билан нафас олиб, руҳий тушкунликларни, дард аламларни унутишган. Ана шу ширин меванинг мазасини татиб яшаш ҳаётнинг баракасидир. Ўқиш ва ўрганишдек шарафли нарса йўқ. Қуръони Каримнинг илк ояти “ўқи” амри билан бошланиши ўқиш ва ўрганиш қанчалик улуғ эканлигининг ёрқин далилидир. “Илм” сўзи эса Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли мавзуларда келади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илмли кишиларнинг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилиб:

… يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ سورة المجادلة11

“… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, — деган. (Мужодала 11)

Ушбу ояти каримадан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг наздида юксакдир. Билимли киши вафот қилса ҳам унинг номи ўчмайди, илмсиз кишининг ўзи ҳаёт бўлса ҳам, ўлик ҳукмидадир. Билимли киши ўз ишини билиб қилади, билиб қилган ишига кейин ўкинмайди. Ўкинмайдиган ва афсус қилмайдиган ишларни қилиш инсон ҳаётининг мазмуни ва баракаси бўлади.

Илм – маърифатнинг манбасидир. Илмнинг акси жоҳилликдир. Илмнинг аввали Аллоҳ таолони таниш, охири эса билган илмига амал қилишдадир. Аллоҳ таолони танишдан бошланган илм баракали ва яхшиликлари кўп бўлади. Инсон то ўзлигини ва ўз илоҳини танимаса, у чин инсон эмас. Ўзлигини танимаган киши қурт-қумурсқа, паррандаю-даррандадай гап: туғилади, ейди, кўпаяди ва ўлади. Инсон ўзлигини ва ўз илоҳини таниса, дунёга нима учун келганини билади. Дунёсини ва охиратини обод қиладиган ишларни қилади ва икки дунёнинг баракотига етади. Билган илмига амал қилиш илмнинг барокотидир. Амалсиз илм пўсти йўқ дарахт, либоссиз танадир. Халқимиз “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, дейди. Бу ҳикматда ҳам илмига амал қилиш улуғланиб, одобсизлик билан билган илмига амалсиз яшаш инсонни одамийлик сафидан чиқарилмоқда. Илм билан олам тараққий этади, илмсизлик эса кишини тубанлаштиради. Муқаддас ислом динимиз дунё ва охиратни обод қиладиган барча илмни эгаллашга буюради.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб:

«يروى عن علي بن أبي طالب-رضي الله عنه–أنه قال: رَبُّوا أبناءكم غير تربيتكم؛ فإنهم مخلوقون لزمان غير زمانكم «


“Болаларингизга ўзингизникидан бошқа (яъни шариат кўрсатмасидан чиқмаган ҳолда, ўзлари яшаётган даврилмларини,) тарбиясини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан
бошқа давр ва замон фарзандларидир”, — деганлар.وقال سفيان الثوري: من أراد
الدنيا والآخرة فعليه بالعلم.

Суфёни Саврий раҳматуллоҳ алайҳ: “Дунёни ва охиратни истаган илм ўргансин” — деганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Илм ўрганиш-Аллоҳ таолодан қўрқиш, уни талаб қилиш ибодат, билмаганга ўргатиш садақа, уни ўз аҳлига ўргатиш қурбатдир. Илм танҳоликда-ҳамроҳ, хилватда-дўст, тўғри йўлни кўрсатувчи далил, жаннат йўлининг минорасидир”-дейди.

Ҳадиси шарифларда эса, илм фазилати қуйидагича баён этилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: “Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир”. Маълумки, Пайғамбарлик рутбасидан устунроқ ҳеч бир рутба йўқ ва бу рутбага меросхўр бўлиш олий шарафдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади”.Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: “Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради”. Бу ҳадисда илмнинг дунёдаги самараси баён қилиняпти. Аммо охиратдаги меваси ундан-да хайрли ҳамда абадийдир.

Абул Асвад айтадилар: “Илмдан азизроқ нарса йўқдир. Подшоҳлар одамларга ҳоким бўлсалар, олимлар подшоҳлар устидан ҳокимдир”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сулаймон алайҳиссаломга ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди”.

Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Комил инсонлар кимлар?” деб сўрашди. “Олимлар”, деб жавоб бердилар. “Подшоҳлар ким?” деб сўрашди сўнгра. “Зоҳидлар”, дея жавоб қилдилар. “Пасткашлар ким?” деган саволга эса: “Дин номидан дунё ейдиганлар”, дедилар. Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демадилар. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусияти ҳам илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билан инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувватида эмас. Зеро, туя инсондан анча бақувватдир. Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас, зеро, фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, ҳўкизнинг қорни уникидан каттароқ. Жимоъ қилишига қараб ҳам белгиланмайди, зеро, чумчуқ жинсий қувватда инсондан кучлироқдир. Демак, инсон фақат илм учун яратилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом айтдилар: “Ким ўзи биладиган илмдан сўралса, у уни яширса, қиёмат куни оловдан бўлган йўган билан йўганланади” (Имом Термизий ривояти). Бундан мурод ким илмни яширса, Қуръони каримга ва бошқа илмларга ташна кишини алдаса ва уни бу йўлдан бахиллик билан қайтаришга уринса, қиёматда оғзига оловдан бўлган йўган солинади.

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَتَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

قَالَ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: أَلاَ وَإِنِّى تَارِكٌ فِيكُمْ ثَقَلَيْنِ أَحَدُهُمَا كِتَابُ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ هُوَ حَبْلُ اللَّهِ مَنِ اتَّبَعَهُ كَانَ عَلَى الْهُدَى وَمَنْ تَرَكَهُ كَانَ عَلَى ضَلاَلَةٍ

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам атдилар: “Огоҳ бўлинг, мен сизларга икки нарсани қолдиряпман. Улардан бири Аллоҳ таолонинг китобидир: у Аллоҳнинг арқонидир. Ким унга эргашса, ҳидоят топади. Ким уни тарк этса, залолатга ботади” (Имом Муслим ривояти).

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ушбу оят ва юқорида зикр қилинган ҳадис Қуръони каримга, ҳадиси шарифга эргашиш вожиблигига далилдир. Инсонларга Аллоҳ таолонинг аҳкомларини етказиш, умматнинг саводли бўлишига ҳисса қўшиш фарздир. Бу ишга, албатта, ҳамма эмас, балки уламолар масъулдирлар. Шу билан бирга, ваъз-насиҳат қилиш ҳам уламоларга вожибдир. Зеро, бундай шарафли ишни Аллоҳ таоло уламоларнинг зиммасига юклаган.

Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Негматова Зарнигор

. .