ИЙСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУШИШЛАРИ
Muallif: . .
Sana: 17.11.2023
162

Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган энг улкан аломатлардан биридир. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам ёрқин далолатлар бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур. Сўнг хочни синдирур. Чўчқани ўлдирур. Жизяни бекор қилур. Молни кўпайтирур. Ҳаттоки, бирор киши уни қабул қилмай қўюр. Ҳаттоки, битта сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолур», дедилар».
Сўнгра Абу Ҳурайра:
«Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ийсо алайҳиссалом қиёматга яқин қолганида ерга тушиб Ислом шариати ила ҳукм юритиб ҳамма ёқда адолат ўрнатадилар. У кишининг хочни синдиришлари хоч аҳлига қарши бўлиб, уларни йўқ қилишларидир. Чўчқани ўлдиришлари ҳам унга тегишли нарсаларни йўқ қилишларига ишорадир. Жизяни бекор қилишлари эса Исломдан бошқа диндагилардан мусулмонликдан бошқа нарсани, жумладан, жизяни ҳам қабул қилмасликларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу маъноларнинг тасдиғи Қуръони Каримда ҳам борлигига ишора қилиб:
«Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди».
Уламоларимиз бу ояти кариманинг маъносида икки хил фикр айтганлар. Бунга оятдаги «ўлимидан олдин» ибораси сабаб бўлган. Баъзилари, бу ерда Ийсонинг ўлими назарда тутилган, десалар, баъзилари, аҳли китобнинг ўлими назарда тутилган дейдилар.
Биринчи тоифанинг гапига биноан оятнинг маъноси бундай: Ийсо алайҳиссалом қиёмат яқинлашганда тушганларида, у кишининг ўлимларидан олдин, аҳли китоблардан ҳеч ким қолмай, у зотга иймон келтиради.
Иккинчи тоифа олимларнинг тафсирларига кўра эса ҳар бир аҳли китоб ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради.
«Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса».
Яъни, ҳар бир яҳудий ҳам ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради. Аммо бу фойда бермайдиган иймон бўлади. Шунинг учун ҳам,
«Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом қиёмат куни уларнинг зиддига гувоҳлик берадилар.
Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари қиёматнинг аломатларидан бири эканлигига «Зухруф» сурасидаги қуйидаги оятлар ҳам далилдир:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар. Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар. У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик. Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик. Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Бу масалани теранроқ англашимиз учун ушбу ояти карималарнинг тафсирини ўрганиб чиқайлик.
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар».
Бу оятни тўлиқ тушуниш учун муфассирларимиз ҳаётда бўлиб ўтган ҳодисани келтирадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга «Анбиё» сурасидаги «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз. Сизлар унга киргувчидирсиз» оятини тиловат қилганларида, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ат-Тамимий исмли мушрик:
«Бу биз ва бизнинг олиҳаларимиз учунми ёки ҳамма умматлар учунми?» деб сўраган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У сиз учун, олиҳаларингиз учун ва ҳамма умматлар учун», деб жавоб берганлар.
«Шубҳасиз, энди сени енгдим, Каъбанинг Роббига қасам! Насоролар Масийҳга ибодат қилмайдиларми? Яҳудийлар Узайрга ибодат қилмайдиларми? Бани Фулон фаришталарга ибодат қилмайдиларми?! Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушсалар, бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишини кутиб бироз жим қолдилар. Мушриклар эса Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ютиб чиқди, деб ўйлаб, шодланиб кулишди, бақир-чақир қилиб шовқин кўтаришди.
Шунда Аллоҳ таоло:
«Албатта, Биздан уларга олдин гўзал сўз ўтганлар у(жаҳаннам)дан узоқлаштирилгандирлар», оятини туширди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда ва буни Ийсо алайҳиссалом ҳақларида баҳс юритиш учун муқаддима қилмоқда. Шунинг учун ҳам кейинги оятда мушрикларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида айтган гаплари келтирилади ва муноқаша қилинади:
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Мушриклар Ийсо алайҳиссаломни насоролар худо санаб ибодат этишларини мисол сифатида келтириб, ўзларининг Аллоҳдан бошқа илоҳларга ибодат қилишлари тўғри эканини исботламоқчи бўладилар.
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар».
Яъни, бизнинг худоларимиз яхшими ёки Ийсо яхшими, дедилар. Уларнинг бу саволидан икки хил маъно чиқади. Биринчиси, Ийсодек зот жаҳаннамга кирадиган бўлса, бизнинг олиҳаларимиз ҳам тушса нима бўлибди?! Иккинчиси, насоролар Ийсога ибодат қилса, бизнинг баъзиларимиз фаришталарга сиғинамиз. Фаришталар яхшироқми, Ийсо яхшироқми, деган маъно чиқади.
Оятнинг давомида мушриклар бу тасарруфларининг асл моҳияти фош этилади:
«Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар».
Аслида эса «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз» оятидан кўзланган мақсадни яхши билишади. Шунингдек, Ийсо алайҳиссалом ўзларини худо демаганларини ҳам аниқ билиб туришади. Лекин мушрикларнинг табиатлари бузуқлиги учун бўлар-бўлмас баҳоналар топиб хусумат қўзғайверадилар.
«Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Хусуматчилик жуда ёмон одат бўлгани учун ҳам Исломда ундан четлашиш ҳар бир мусулмонга қаттиқ тайинланади.
Ибн Жарир Табарий Абу Усома розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ одамлар олдига чиққанларида, улар Қуръон ҳақида тортишиб ўтирган эдилар. У зот қаттиқ ғазабландилар. Худди юзларига сирка қуйиб юборилгандек бўлиб кетдилар. Сўнгра:
«Аллоҳ китобининг баъзиси билан баъзисини урманглар! Фақат талашиб-тортишишга мубтало бўлган қавмгина залолатга кетгандир, деб: «Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар», оятини тиловат қилдилар».
Эндиги оятда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳақиқатларини баён қилади:
«У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, Ийсо фақат бир банда, холос. Худо ҳам эмас. Худонинг ўғли ҳам эмас. Бошқа бандаларга ўхшаш Худонинг оддий бандаси, холос.
«Биз унга неъмат бердик...»
Фарқ шуки, биз унга Пайғамбарликни неъмат қилиб бердик.
«...ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, ўрнак ва ибрат бўлиши учун Ийсони Бани Исроилга мисол қилиб қўйдик.
Эй, мушриклар!
«Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик».
Кўпгина тафсирчиларимиз ушбу оятдан қуйидагича маъно чиқарганлар. Яъни, бу дунёю у дунёда яратиш иши ёлғиз Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. У зот нимани хоҳласа, шуни яратади. Бу ишга ҳеч ким аралаша олмайди. Шу жумладан, Аллоҳ Ўзи яратган фаришталар ҳам, мушриклар ҳам аралаша олмайди. Фаришталар ҳам Аллоҳ яратган махлуқлардир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, ер юзида мушриклар ўрнига халифа қилиб фаришталарни ёки аксинча, одамлардан фаришталар яратиши ҳам мумкин.
Сўнгра Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар баёни давом этади:
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳиссаломнинг қиёмат куни яқинлашганда тушишларига далилдир.
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир».
Яъни, вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади. Бу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган кўплаб ҳадиси шарифлар тасдиқлаган.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Менинг умматимдан бир тоифа то қиёмат кунигача ҳақ учун устун бўлиб жанг қиладилар. Бас, Ийсо ибн Марям тушади. Уларнинг амири унга:
«Кел, бизга намозга ўт», дейди.
«Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди у».
Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиб тушишлари ғайбий эътиқод масалалари доирасига киради. Бунга ушбу оятда ишора бор, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам унинг баёни келган. Шу икки масдардан бошқа ҳужжатга эътиқод қилиб бўлмайди.
«Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг...»
Албатта, у бўлади.
«...ва менга эргашинг».
Бу гап Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан айтилаётган гапдир.
«Мана шу тўғри йўлдир».
Яъни, қиёмат куни ҳақида ҳеч шубҳаланмасдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш энг тўғри йўлдир. Бундан бошқа тўғри йўл йўқ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳга қасамки, албатта, Ибн Марям одил ҳакам бўлиб нозил бўлгай. Сўнг албатта, хочни синдиргай, албатта, чўчқани ўлдиргай, албатта, жизяни бекор қилгай, албатта, ёш туялар тарк қилингай, уларни суғорилмагай, албатта, одамлар орасидаги кўраолмаслик, ҳасад қилиш ва бир-бирини ёмон кўриш кетгай ва албатта, у молга даъват қилгай, аммо уни биров қабул қилмас», дедилар».
Чунки молу дунё ҳамма ёқни босиб кетган бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар орасидаги ўзаро душманлик қолмаган бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Дажжол умматим ичидан чиқиб қирқ, билмадим қирқ кунми, қирқ ойми, қирқ йилми турур. Кейин Аллоҳ Ийсо ибн Марямни юборур. У худди Урва ибн Масъудга ўхшар. Бас, у ҳалиги(Дажжол)ни излаб топиб ҳалок этур. Кейин одамлар етти йил икки киши орасида адоват бўлмай турурлар», дедилар».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Ровий Дажжолнинг чиққанидан кейин ер юзида туриши қирқ йилми, ойми ёки кунми эканида шакка тушиб қолган экан. Биз буни қирқ кун эканини ва у кунлар қандоқ кунлар эканини Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида ўрганганмиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мен билан Ийсо алайҳиссаломнинг орамизда набий йўқ. Албатта, у нозил бўлур. Қачон кўрсангиз, уни таниб олинглар. Ўрта бўйли қизғиш оқ киши. Икки сарғиш кийим кийган. Худди бошидан қатра томиб турганга ўхшайди. Агар унга ҳўл етмаган бўлса ҳам. Ислом учун одамларга қарши уруш қилади. Масийҳи Дажжолни қатл қилади. Сўнг ер юзида эминлик воқеъ бўлади. Ҳаттоки, шерлар туялар билан, йўлбарслар моллар билан ва бўрилар қўйлар билан бир яйловда бўлурлар. Болалар илонлар билан бирга ўйнарлар. Ийсо ер юзида қирқ йил туради. Сўнгра вафот этади ва жанозасини мусулмонлар ўқийди», дедилар».
Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилган.
Ақоид илми уламолари қиёматнинг улкан аломатлари сифатида юқоридагиларни зикр қиладилар. Баъзилари яна бир иккитасини ҳам қўшадилар. Аммо кишилар ўртасида имом Маҳдий ҳақларида кўп саволлар бўлади. Шунинг учун биз у киши ҳақида ҳам маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Имом Маҳдийнинг чиқишлари ҳам қиёматнинг аломатларидан бири бўлади.

. .