ТАРБИЯ
Muallif: . .
Sana: 21.10.2023
207

Ҳар кишининг дунёда ороми жони тарбият,

Балки охирда эрур дорул-амони тарбият.

Тарбият ҳамроҳ этодур ҳур ила ризвонлара,

Гар десам бўлмас хато, жаннат макони тарбият.
А.Авлоний

Тарбия ҳақида сўз кетганда таниқли маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати намоёндаси Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари ёдимизга келади. “Тарбия” сўзи эса арабча сўздан олинган бўлиб, “парвариш қилмоқ”, “таълим бермоқ”, “ўрганиш”, “одоб ўргатиш”, “меҳрибонлик кўрсатиш”,“ҳимоя қилиш” сингари маъноларни англатади. Жамиятимизда тарбия ҳар доим ҳам муҳим масала бўлиб келган ҳамда шахснинг жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантиришга қаратилган. Дарҳақиқат, бугунги кунда тарбия масаласи, оилада фарзанд тарбияси муҳим масалалардан бири бўлиб келмоқда. Чунки ёш авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама баркамол шахсни шакллантириш, ёшларимизни билимли, маънавий камолга етишида тўғри йўналтирилган тарбия муҳим аҳамият касб этади.

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний тарбия тўғрисида шундай деганлар “Тарбияни туғилган кундан бошламоқ, вужудимизни қувватлантирмоқ, фикримизни нурлантирмоқ, ахлоқимизни гўзаллантирмоқ, зеҳнимизни равшанлантирмоқ лозим”.

Олмон файласуфи Иммануил Кант ўз асарида “Инсон фақат тарбия орқали инсон бўлади, унинг қандайлиги тарбиянинг натижасидир”, деган фикрни билдиради.

Юқоридаги фикрларни инобатга олган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, инсон хаётида тарбиянинг дарстлабки босқичи бу оила демакдир. Оилада фарзанд ўсиб-улғаяр экан кўрган-билган нарсаларини, маълумотларни ёши катталардан, ота-онасидан сўраб билиб олади. Шунингдек, оилада ёши катталарнинг, ота-онанинг, амаки-тоғаларнинг, бобо-бувиларнинг таъсири фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келади. Ана шу софликни сақлаш, уни шакллантириш ва турли хил ғайриинсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт бўлган турли ғоялардан асраш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир. Шу ўринда миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор бериш ўринлидир албатта. Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алйҳи васаллам ҳам: “Ҳар бир туғиладиган фарзанд фитратда туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади,”- дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам фарзанд тарбиясида оила раҳбарларининг, ота-онанинг ўрни муҳимлиги келтирилиб ўтилган.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, тарбиядан мақсад инсоннинг жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантириш демакдир. Тўғри йўналтирилган тарбия инсон ҳётида муҳим аҳамият касб этибгина қолмай, балки жамият тараққиётида ўз натижасини кўрсатади.

Азамат Хакимжонов
Мир Араб олий мадрасаси Ёшлар билан ишлаш,
маънавият-маърифат бўлими ходими

. .