АҚИДАДА АДАШМАЙЛИК
Muallif: . .
Sana: 10.05.2023
207

Инсонларнинг солиҳ амалларини қабул бўлиши ширк ва куфрдан ҳоли бўлган соғлом ақидага боғлиқдир. Агар кишининг ақидаси тўғри бўлмаса, қилган амаллари бекор бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ (سورة الزمر/65)

яъни: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар сураси 65-ояти).

Ҳозирда Ислом дини борасида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Аммо ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди. Аксинча минг йилдан бери мусулмонларни бирлаштирган соф ақида асослари борасида оддий инсонларни шубҳага солиш ва ўзининг бузуқ ақидасини тиқиштиришга уринади. Афсуски, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларини ташвишга солиб турган, низоли юртларда содир этилаётган қонли воқеаларга сабаблардан бири ҳам ақидавий масалаларни тўғри англамасликдир. Масалан, Ислом шариатида буюрилган амалларни бажармаётган ёки динда қайтарилган ишларни қилаётган кишиларни куфрда айблаб, уларнинг қонини тўкиш ва молларини талон-тарож қилишни ҳалол дейиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида ислом оламида қанчадан-қанча ҳунрезликлар, мусулмонларнинг, хатто ёш гўдакларнинг халок бўлиши билан боғлиқ аянчли воқеалар содир этилмоқда. Албатта, бу фитналарнинг асосий сабаблардан бири – жаҳолат, ислом ақидасини тўғри англамасликдир!

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:

“فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ” яъни: «Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг» (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!

Мир Араб олий мадрасаси 2-курс талабаси
Тешабоев Асрорхон

. .