21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунига
Ҳар бир миллатнинг миллий ўзлиги, тарихи, маданияти ва маънавий дунёсини намоён этувчи энг муҳим бойликларидан бири — унинг она тилидир. Тил миллатни миллат сифатида бирлаштиради, аждодлар меросини авлодларга етказади ва халқнинг асрлар давомида шаклланган қадриятларини ўзида мужассам этади. Шу маънода, ўзбек тили халқимизнинг миллий ифтихори, маънавий бойлиги ва бебаҳо мероси ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳар йили 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана халқимиз ҳаётида муҳим тарихий аҳамиятга эга. Зеро, 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди [1]. Бу тарихий воқеа миллий ўзлигимизни англаш, она тилимизнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларимизни тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
1995 йил 21 декабрда қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонуни қабул қилинган кунни байрам этиб нишонлаш тўғрисида 2020 йил 23 мартда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонуни қабул қилинди. Шундай экан, ўзбек адабий тилни асраш ва уни ривожлантириш ҳар биримизнинг бурчимиз. Айни пайтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тиллари ва миллий қадриятларининг ривожи учун тегишли шароитлар яратилган [2].
2020 йил 10 апрелда қабул қилинган қонун билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди [3]. Бу эса она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга бўлган эътиборнинг юксак ифодасидир.
Ўзбек тили бой тарихи, бетакрор жозибаси, сўзга бойлиги ва ифода имкониятларининг кенглиги билан ажралиб туради.
Бобораҳим Машраб, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парпи каби бир қатор ўзбек адабиётининг намояндалари ўз ижоди ила тилимиз ва миллатимиз мавқеини кўкларга кўтарди. Маълумотларга кўра, дунёда 50 миллиондан зиёд аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бири эканидан далолат [4].
Айниқса, Алишер Навоийнинг ижодий мероси туркий тилнинг нақадар бой ва юксак бадиий имкониятларга эга эканини бутун дунёга намоён этди. Унинг асарлари бугунги кунда ҳам маънавиятимиз ва адабиётимизнинг бебаҳо хазинаси бўлиб хизмат қилмоқда
Она тилини асраш ва унинг қадрига етиш ҳар бир фуқаронинг маънавий бурчидир. Тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг грамматик қоидаларига риоя қилиш, оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини юксалтириш, айниқса, ёш авлодни она тилига муҳаббат руҳида тарбиялаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Зеро, ўз тилини ҳурмат қилган инсон ўз халқи, тарихи ва миллий қадриятларини ҳам ҳурмат қилади.
2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони қабул қилинди. Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди [5].
Бугунги глобаллашув даврида ўзбек тилининг нуфузини ошириш, уни илм-фан, таълим, ахборот технологиялари ва халқаро мулоқот соҳаларида кенг қўллаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Замонавий технологиялар ривожланаётган бир шароитда тилимизнинг электрон луғатларини яратиш, миллий тил корпусини ривожлантириш, интернет тармоғида ўзбек тилидаги сифатли материалларни кўпайтириш ҳамда ёшларни саводли ёзиш ва тўғри сўзлашга ўргатиш долзарб вазифалардан биридир.
Шунингдек, она тилимизга бўлган ҳурматни фақат байрам кунларида эмас, балки кундалик ҳаётимизда ҳам намоён этишимиз лозим. Ҳар биримиз ўз нутқимизга эътиборли бўлишимиз, расмий ҳужжатлар ва ёзма матнларда адабий тил меъёрларига амал қилишимиз, фарзандларимизга китоб ўқиш ва бадиий адабиётни севиш одатини сингдиришимиз зарур.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тили — халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажагини боғлаб турувчи маънавий кўприкдир. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келгуси авлодларга бойитилган ҳолда етказиш барчамизнинг муқаддас вазифамиздир. 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни эса она тилимизга бўлган муҳаббатимизни, миллий ғуруримиз ва ўзлигимизга садоқатимизни яна бир бор намоён этиш учун муҳим фурсатдир.
Она тилимиз доимо барқарор, нуфузи юксак ва истиқболи порлоқ бўлсин!
Азамат Хакимжонов
Мир Араб олий мадрасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1.Ўзбекистон Республикасининг 1989 йил 21 октябрдаги 3561-XI-сон “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Қонуни. — URL: https://lex.uz/uz/acts/109394
2.B.Zaripov. Davlat tili – milliy taraqqiyot va sog‘lom tafakkur mezoni// “Zamonaviy tilshunoslikning milliy yuksalish va ilmiy tafakkur taraqqiyotidagi o‘rni” mavzusidagi respublika ilmiy-amaliy konferensiya materiallari. Buxoro:“Sadriddin Salim Buxoriy” Durdona, 19.10.2021.-266 b.
3.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-615-сон “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни. — URL: https://lex.uz/docs/4784608
4.A.Qirg‘izboyev. Оnа tilimiz rivoji va taraqqiyoti yo‘lida. // “Zamonaviy tilshunoslikning milliy yuksalish va ilmiy tafakkur taraqqiyotidagi o‘rni” mavzusidagi respublika ilmiy-amaliy konferensiya materiallari. Buxoro:“Sadriddin Salim Buxoriy” Durdona, 19.10.2021.-266 b.
5.О.Ҳамидов. Ўзбек тилининг нуфузи ва равнақи // “Zamonaviy tilshunoslikning milliy yuksalish va ilmiy tafakkur taraqqiyotidagi o‘rni” mavzusidagi respublika ilmiy-amaliy konferensiya materiallari. Buxoro:“Sadriddin Salim Buxoriy” Durdona, 19.10.2021.-266 b.
